E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ОЖИЗАГА ҚЎЛ КЎТАРИШ – ОЖИЗЛИК БЕЛГИСИ

08.08.2018

Бу оила бир қарашда ҳавас қилгулик эди. Эр-хотин сал кам йигирма йил бирга яшаб уй қилди, рўзғор бутлади, уч нафар фарзандли бўлди...

Аммо турмуш доим бир текисда, силлиқ кечмаслиги сир эмас.

...Зайниддин ва Моҳира гарчи бир-бирига кўнгил қўйиб оила қуришган бўлса-да, улар орасида майда-чуйда келишмовчиликлар бўлиб турарди.

Оила бошлиғи ишсиз қолганидан аламини кимдан олишни билмадими, хуллас хотини билан сал айтишиб қолганидан ғазаби аланга олиб кетди.

Юзига тушган муштдан Моҳиранинг лаби йиртилди, тепкидан оёғи қаттиқ лат еди.

Таниш манзара. Шундай эмасми? Аёлига қўл кўтарадиган бундай эркаклар ён-атрофимизда, маҳалламизда йўқ эмас.

Йигитларимизни биз мард ва баҳодир, деб биламиз. Асл мард эса донишмандлар айтганидек, ўзини енгга олган кишидир. Яъни, жаҳл келганда ундан устун кела олган киши кучли ҳисобланади.

Бундай тушунчани фарзандларимизга гўдаклигидан сингдирсак, ожизага қўл кўтариш ожизлик белгиси эканини англата олсак, аслида юқоридаги каби ҳолатлар ҳаётимизда учрамасди. Минг афсуски, тарбияда кўпчилик бу жиҳатларга ҳамиша ҳам эътибор қаратмайди.

Жаҳл устида жуфти ҳалолига қўл кўтариш билан кимдир бирор яхши натижага эришган бўлса бошқа гап эди. Аммо бундай ҳолатларнинг барчаси афсус-надомат билан якун топади.

Суднинг қора курсисида ўтирган Зайниддиннинг тавба-тазарру қилишига қараб шундай фикрлар хаёлимдан кечди. Бу лаҳзаларда у нафақат қонунда кўрсатилган жазодан қутилиб қолиши, балки дарз кетган оилани тиклаши, аёлини даволатиши каби ташвишлар гирдобида ҳам эди.

Жаҳлини енгганида унга бу ташвишлар, албатта, бегона бўларди.

– Қасддан баданга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар Жиноят кодексининг 109-моддасида назарда тутилган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судининг судьяси Сарвар Орипов. – Судланувчи мазкур модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган. Мазкур қисм санкциясида энг кам иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар назарда тутилган.

Судгача бўлган жараёнда Зайниддин қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлиб, унинг оқибатларини аллақачон англаб етганди. Шу боис у турмуш ўртоғини даволатиб, у билан ярашишга, судда ярашув аҳди тузилишига эришишга астойдил ҳаракат қилди.

Суд мажлисида судланувчи ва жабрланувчи ариза билан мурожаат қилиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўради.

Суд жараёнида, албатта, биринчи навбатда жабрланувчининг хоҳиш-истагига алоҳида эътибор қаратилди. Моҳира ярашув тўғрисидаги аризасини қувватлаб, судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ҳозирда уй шароитида даволанаётганини ва унга етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани, аризани ўз хоҳиши билан ёзгани, унга бирон-бир тазйиқ бўлмагани, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларини тушунгани ҳақида кўрсатма бериб, жиноят ишини тугатишни сўради.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддасига биноан, Жиноят кодексининг 109-моддаси, 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Суд жабрланувчи ва судланувчининг ярашув тўғрисидаги аризаларини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, судланувчининг айбига иқрорлиги ва етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, ярашув жабрланувчининг ўз хоҳиши билан ихтиёрий бўлганлиги сабабли жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатишни лозим топди.

Шу тариқа бир оила жар ёқасидан қайтди. Уч фарзанднинг тирик етим бўлишининг олди олинди. Аксинча бўлганида-чи? Унда бир мушт билан бир оила барбод бўлиб кетган бўларди.

Бир оиланинг яна қайта тиклангани қувонарли бўлгани билан, Зайниддиннинг қилмишини асло оқлаб бўлмайди. Энг ёмони, бу каби эрнинг зўравонлигидан жабр чеккан аёллар учраб туради. Уларнинг кўп ҳолларда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга интилмагани, оила шаънини ўйлаши туфайли бундай ҳолатлараксарият ҳолларда сирлигича қолиб кетади.

Оиладаги зўравонликларга барҳам бериш мақсадида қонуншуносларимиз айнан шу мақсадга қаратилган қонун лойиҳаси тайёрламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлда имзоланган “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Адлия вазирлиги олдига “Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Тўғри, Жиноят кодексида зўравонликка нисбатан, яъни қасддан баданга енгил, ўртача оғир ва оғир шикаст етказиш, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, қийнаш ва жабрланувчига доимий равишда руҳий босим ўтказиб, уни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима, 240 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 1 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ва 1 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Айни кунларда Адлия вазирлиги томонидан тайёрланаётган “Маиший зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида оилавий-маиший зўравонликка олиб келадиган барча сабаблар ҳамда унинг ҳар қандай кўринишлари қамраб олинмоқда.

Бош қомусимизда кафолатланган инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати олий қадриятлигига оид нормалар янги қонун билан янада мустаҳкамланиши манфаатларимизга, энг муҳими, юртимизда, оилаларимизда барқарор тинчлик ва фаровонлик қарор топишига хизмат қилади.


ЎзА