E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ЁШЛАР, СИЗГА ИШОНЧ БИЛДИРАЁТГАН ЖАМИЯТ ЮЗИГА ОЁҚ ҚЎЙМАНГ!

09.07.2018

Маълумотларга кўра, юртимизда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 36,2 фоизга камайган. Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 31,5 фоизга, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик 36,2 фоизга камайгани қувонарли, албатта. Бироқ...

28 ёш. Бу айни бир касб-корни тутиб, оиласи, турмуши фаровонлигини таъминлашда фидойилик кўрсатадиган, жамият ривожида ўз ҳиссасига эга бўлиш мумкин бўлган ёш аслида. Аммо юртимиздаги ҳамма ёш ҳам айни мақсадда ҳаракат қиляптими?

Бухоролик Лазиз Абдуллаев оиласи тинчлигини таъминлаш, тўғри йўлдан юриб фаровонликка эришиш ўрнига хато йўлни танлади. “Ўғирлик қиламану, жуфтакни ростлайман. Шунда ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолади”, деб ўйлаб адашди.

Яшириниб юрган йигит ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланди.

Узоқ суриштирувлардан сўнг, у ўз айбини тан олди. Қилганлари учун узр сўради. Аммо пушаймонликнинг ўзи етарлими? Бу унга ишонган ота-онаси, жамият юзига оёқ қўйиш, ишончини суистеъмол қилиш эмасми?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2- ва 3-қисми билан жавобгарликка тортилган Л. Абдуллаев қилган хатоси кечирилишидан умидини узганди. Аммо юртимизда ёшлар, ўз йўлини тополмаётган, ёрдамга муҳтож йигит-қизлар давлатимиз томонидан мунтазам қўллаб-қувватланмоқда. Фақатгина ёшлар буни тўғри англаши, ҳис қилиши, хато йўлдан қайтиб, берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиши қолган, холос.

Унинг оилада ёлғиз фарзанд эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, илгари ножўя хатти-ҳаракатларни содир этмагани, энг муҳими, кеч бўлса-да, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган хатосини қалбан англагани инобатга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида имзоланган меморандумга кўра, адашиб жиноят йўлига кирган, содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ёшлар “Ёшлар кафиллиги” асосида суд залидан озод қилинмоқда. Судлар томонидан уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланаётир.

Л. Абдуллаев ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши томонидан бир йиллик кафолат билан суд залидан озод қилиниб, фойдали меҳнатга жалб этилди.


ЎзА