E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ТЎҒРИ ХУЛОСА – ЭНГ МАҚБУЛ ЙЎЛ

04.07.2018

Эзгулик ва қабоҳат кўчасининг ораси бир қадам, дейишади. Ўша қадам юзимизни ёруғ қилиши ёхуд бошимизни хам этиб, номусга қўйиши мумкин. Демак, бошимиз доимо тик, юзимиз ёруғ бўлиши учун тўғри йўлдан адашмаслик лозим. Айниқса билиб-билмай қилинган хатодан тўғри хулоса чиқариш муҳим.

Наманганлик И. Муҳаммедов ҳам йўлдан адашиб, билиб-билмай жиноятга қўл урган эди. 2015 йилда у Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг ҳукми билан содир этган жинояти учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Аммо, И. Муҳаммедов жазони ижро этиш мобайнида қилмишидан тўғри хулоса чиқариб, ўзини яхши томонга ўзгартира олди. Хулқ-атвори тузалди.

Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида ўтказилган Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судининг сайёр суд мажлисида И. Муҳаммедов каби 22 маҳкумни жазо ўташдан муддатидан олдин озод этиш ҳамда белгиланган жазони енгилроғига алмаштириш билан боғлиқ иш кўриб чиқилди.

Оҳангарон шаҳар прокуратураси, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, "Адолат" социал-демократик партияси шаҳар кенгаши вакиллари, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган очиқ суд мажлисида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, шунингдек, жиноятга жазо муқаррар экани таъкидланди.

А. Туропов раислигида бўлиб ўтган сайёр суд ажримига мувофиқ, И. Муҳаммедов шартли равишда муддатидан олдин озод этилди. Яна 22 маҳбусга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди.


ЎзА