E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

МЕҲР-МУРУВВАТДАН УЗОҚЛАШДИКМИ?

11.06.2018

Фарзандлар кичиклигида талашиб-тортишса у қадар эътибор бермаймиз. Бирини сен каттасан, иккинчисини сен кичиксан, деб юпатамиз. Ёки бу ҳолатга шунчаки беғубор нигоҳ билан боқиб, кулиб қўямиз. Аммо ака-ука ўртасидаги бу тортишувлар болаликда қолиб кетмаса-чи? Бу катта муаммоларни бошлаб келса-чи?

Абдулла ва Латиф Алибековлар (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам бошқа ака-укалари, опа-сингиллари каби беғубор эди. Ота-онасининг суюкли фарзанди. Баъзан шўхлик қилиб, баъзан меҳр кўрсатиб, уларнинг қувончига-қувонч қўшиб, шодлик улашиб, юриш-туриши, савлати билан маҳаллада тилга тушган йигитлар бўлиб улғайди. Иккисининг ҳам мақсадлари улкан эди. Аммо ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги, баъзан нимагадир етишиш учун орзунинг ўзи камлик қилишини унутишди.

А. Алибеков шофёрлик касбини эгаллади. Айни вақтда Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги фермер хўжалигида трактор ҳайдайди. Ундан ташқари, томорқасида деҳқончилик қилади. Укаси Латиф эса бирон ҳунарнинг бошини тутмади. Ўзини ҳар томонга уриб кўргач, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, қариндош-уруғларнинг мол-ҳолини боқиб юрди. Аслида у бу ишнинг устаси. Чорвани яхши тушунади. Топиш-тутиши ҳам жойида. Нимадир бўлди-ю спиртли ичимликка ружу қўйди. Топганидан барака кетиб, ҳурматини йўқотди. Тез-тез ичкилик ичадиган, уйдагиларнинг гапини олмайдиган бўлди.

Натижада икки жондай жигарнинг сўзи қочди. Ёз оқшомларининг бирида уйга тахминан тунги 23:30 ларда маст ҳолда келган укасига акаси танбеҳ берди. Эртаси куни унга далада ёрдам беришини айтиб огоҳлантирди.

Аммо ичкилик таъсирида ўзини билмаган ука ҳам гапдан қолмади.

Оддийгина тортишув аканинг укага тиғ ўқталишига, пичоқлашишга олиб борди.

Уларнинг қилмиши Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Боёвут туман судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Жаҳл чиқса, ақл кетади, дейди халқимиз. Ака-уканинг арзимас гапидан чиққан жанжал оқибати уларнинг саломатлигига зиён келтириб, фарзандларнинг, ота-онанинг, оиланинг тинчлигини бузди. Ўртадаги ишонч, меҳр-оқибат, қариндошликнинг азалий қадриятларига путур етказди.

Суд мажлисида судланувчи Л. Алибековнинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда айблашга асослар етарли эмас, деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида “Судлар шуни эътиборга олиши керакки, қасддан одам ўлдириш жинояти ҳам тўғри, ҳам эгри қасд билан содир этилиши мумкин, қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этаётганида айбдор жабрланувчини ҳаётдан маҳрум этиш қасди билан ҳаракат қилади, қилмишнинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етади, ўлим юз беришини истайди ёки бунга онгли равишда йўл қўяди”, деб кўрсатилган.

Иш ҳолатига кўра, судланувчи А. Алибеков укасига нисбатан бундай фикрда бўлмагани, буни Л. Алибеков ҳам тасдиқлагани инобатга олиниб ҳукм чиқарилди.

А. Алибеков Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 3 йил муддатга жазони очиқ озодликда ўташ белгиланди. Жазо муддати давомида белгиланган талабларга қатъий риоя қилиниши таъкидланди.

Халқимизда "қарс икки қўлдан чиқади", деган мақол бор. Шу боис, ўйлаётганимиз, сўзлаётганимиз, амалимизга эътиборли бўлайлик.


Шоира Эрматова,
«Одил судлов» – «Правосудие»
журнали бўлим бошлиғи