E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ЎҒРИ УШЛАНДИ, ЖАЗОЛАНДИ...

08.06.2018

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Бўз маҳалласида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда айбланувчи С. Расулов (исм-шарифи ўзгартирилган) га тегишли бўлган жиноят иши кўриб чиқилди.

С. Расулов 1992 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. Муқаддам судланиб, маълум муддат озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аммо бу ҳам унинг кўзини очмади. С. Расулов 2017 йил 6 май куни кеч соат олтилар атрофида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Даволаш профилактика маркази палаталаридан бирига яширинча кириб, даволанаётган фуқаро М. Чориевга тегишли бўлган 1 миллион 700 минг сўм миқдоридаги пулни яширин равишда олиб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлади. Марказда жойлаштирилган кузатув камераларида қинғир ишлари намоён бўлган жиноятчи ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноятчи судда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ва келтирилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб берганини билдириб, енгиллик берилишни сўради.

Суд С. Расуловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-қисм «г» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айблаб, унга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Энди С. Расулов Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддасининг 8-қисмига асосан Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2017 йил 18 сентябрдаги ҳукми билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан 3 йилу 6 ой озодликни кўрмайди.


ЎзА