Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

МАҚОЛА НОТЎҒРИ МАЪЛУМОТЛАР БИЛАН БОЙИБ ҚОЛМАЙДИ

05.06.2018

Жорий йилнинг 31 май кунида ozodlik.org сайтида “Ғаллаороллик икки фарзанднинг онаси ажрашиш учун эрини изламоқда” номли мақола чоп этилди.

Мақолада юқоридаги сайт вакили жиззахлик Севара Мусулмоновага Ғаллаорол суди ва туман прокуратураси бундан 7 йил олдин Россияда бедарак кетган эри Дилмурод Мусулмоновни топиб келишни буюргани, ўтган йиллар давомида икки нафар болаларига Дилмуроддан бирор сўм ёрдам олмагани, ажрашиш тўғрисида аризаси икки маротаба маҳаллий суд томонидан қабул қилинмагани, эридан ажримини олиб, ишлаш учун Россияга икки боласини олиб кетишга қарор қилгани, 7 йил бурун Россияга кетганидан бери дараги йўқ эрини топишда кўмак сўрагани кўрсатиб ўтилган.

Ҳақиқатдан ҳам, С. Мусулмонова фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти Ғаллаорол туманлараро судига бир неча марта мурожаат этган.

Хусусан, биринчи мурожаати – С. Мусулмонова 2017 йил 11 сентябрда икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқариш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этган. Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 2017 йил 11 сентябрдаги суд буйруғи билан С. Мусулмонованинг аризаси қаноатлантирилиб, унинг фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун Д. Мусулмоновни барча даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган ва суд буйруғи ижро этиш учун 2017 йил 20 сентябрда Мажбурий ижро бюроси Ғаллаорол туман бўлимига юборилган.

Иккинчи мурожаати - даъвогар С. Мусулмонова жавобгар Д. Мусулмоновга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судига 2018 йил 19 январда мурожаат этган.

Фуқаролик иши суд мажлисида 2018 йил 5 февраль куни даъвогар ва унинг адвокати А. Абдухолиқова иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 139-моддасига (2018 йил 1 апрелгача бўлган таҳрирда) мувофиқ жавобгар иштирокисиз, унинг охирги яшаш жойи бўйича кўриб чиқилиб, даъво аризани рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Юқоридаги ариза ва даъво ариза фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб ҳал этилиб, якуний ечимини топган, фуқаролар сансалорлигига йўл қўйилмаган.

Иш ҳолатига тўхталсак, С. Мусулмонова даъво аризасида кўрсатишича, турмуш ўртоғи билан оилани сақлаб қолиш учун Россия давлатига 2011 йилда бирга кетган ва у ерда 2015 йилгача бирга яшаган. Ўртадаги келишмовчилик натижасида 2015 йил 8 май куни турмуш ўртоғи уни урган ва у 7 кун касалхонада даволаниб чиққан. Шундан кейин ака-укалари уни ўзлари яшаб турган Уфа шаҳрига олиб кетишган ва у ерда у 2017 йил август ойигача яшаб, Ўзбекистонга қайтиб келган.

С. Мусулмонова алимент ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризаси билан судга 2017 йил 11 сентябрда мурожаат этган ва унинг аризаси суд томонидан шу куннинг ўзида ҳал этилган.

Никоҳдан ажратиш ҳақида у судга мурожаат этиш учун тегишли ҳужжатларни 2018 йил 13-16 январь кунлари йиғиб, давлат божи тўлаган ҳолда судга 19 январда топширган.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик иши юзасидан 2018 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарорида даъвони рад этишга асос қилиб никоҳдан ажратиш учун жиддий сабаб мавжуд эмаслиги, тарафлар ўртасида икки нафар вояга етмаган фарзандлар бўлиб, ўртадаги тушунмовчиликлар вақтинча эканлиги, оила амалда батамом барбод бўлмаганлиги кўрсатилган. Мазкур ҳал қилув қароридан тарафлар норози бўлса, унга нисбатан апелляция ёки кассация тартибида шикоят берилмаган.

Шу сабабли мақолада келтирилган С. Мусулмонованинг ажрашиш тўғрисидаги аризасини суд қабул қилмаётгани, унинг турмуш ўртоғи 7 йил олдин Россияда бедарак кетгани ва шундан буён эрининг дараги йўқлиги ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Чунки суд С. Мусулмонованинг алимент ундириш ҳақидаги аризасини ҳамда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилиб, қонунда белгиланган муддатларда унинг иштирокида кўриб, суд буйруғи ва ҳал қилув қарори қабул қилган. Бунда унинг сансалорлигига йўл қўйилмаган. Шунингдек, С. Мусулмонова 2011 йилдан 2015 йил 8 майгача турмуш ўртоғи билан бирга, 2017 йил август ойигача ака-укалари билан бирга Россия Федерациясида яшаб келган.

Шу билан бирга С. Мусулмонованинг никоҳдан ажрашишдан асосий мақсади, мақолада кўрсатилганидек, 11 ва 9 ёшдаги вояга етмаган болалари билан бирга чет давлатга чиқиб кетиш. Бунда вояга етмаганларнинг ўқиши, билим олиши, тарбияси, соғлиғи, камолоти, уларнинг ижтимоий муҳофазаси тўғрисида ким қайғуради?

Хулоса ўрнида айтсак, журналистик текшируви Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасида белгиланган тартибда ва шошма-шошарликларсиз ўтказилиб, юқоридаги ҳолатларга тўлиқ ҳамда холисона ойдинлик киритилган ҳолда мақола тайёрланганда муаммога тўғри ёндашилган бўлар эди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати