Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ТАДБИРКОР ҲУҚУҚИ – СУД ҲИМОЯСИДА

11.05.2018

Самарқандда “Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд орқали ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари ва масъул ходимлари, Самарқанд вилояти прокуратураси, суд органлари, адлия, божхона, солиқ, адвокатлар палатаси, тижорат банклари, савдо-саноат палатаси вилоят бошқармалари вакиллари, тадбиркорлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Бахтиёр Исоқов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори катта маслаҳатчиси Ханс Ульрих Им ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий иқтисодиётимизни янги босқичда ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

– Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси И. Тожиев. – Жумладан, аввалги хўжалик судлари иқтисодий судлар қилиб ўзгартирилгани, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ташкил этилгани тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулайликлар яратди. Жорий йилнинг 1 апрелидан кучга кирган Иқтисодий процессуал кодекси эса мазкур судларда ишларни юритиш тартибини такомиллаштириб, қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликларга барҳам бермоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиётини такомиллаштириш, судларда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг иштирокини кенгайтириш, солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалий ҳаракатларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди.

– Тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида бошқармамизда, шунингдек, жойларда очиқ эшиклар куни ва сайёр қабуллар мунтазам ўтказилмоқда, – дейди Ўзбекистон адвокатлар палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи О. Ахтамов. – Ўтган йил давомидаги ана шу саъй-ҳаракатларимиз туфайли 1 200 нафардан ортиқ тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ва ёрдам берилди. Бу йил ушбу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.

Давра суҳбатида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.


ЎзА