Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

МАҲАЛЛА КАФИЛЛИГИДА СУД ЕНГИЛ ҲУКМ ЧИҚАРДИ

04.05.2018

Жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг очиқ сайёр мажлиси ўтказилди. Поп шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг биносида туман суди раиси И. Усмонов раислигида ўтказилган суд мажлисида Имин Муртазоев ҳамда Машраб Муртазоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) содир этган жиноят иши кўриб чиқилди.

1995 йили Фарғона вилоятида туғилган ва ҳозир Поп шаҳрида истиқомат қилаётган Имин Муртазоев ҳамда 1995 йили Попда туғилган Машраб Муртазоев ўрта махсус маълумотли йигитлар. Гарчи вақтинча ишсиз бўлишса-да, илгари жиноят қилмаган бу ёшларни нима жин урдию, ўзаро тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноят, яъни ўзгалар мулкини талон-тарож қилишдек оғир жиноятга қўл урди.

Тенгдош қариндошлар 2018 йил 13 февраль куни кеч соат 22.30 да Хўжаобод қишлоғида яшовчи Дониёр Ботиров (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳовлиси олдидан ўтган ариқ устига кўприк сифатида ўрнатиб қўйган умумий нархи 900 минг сўмлик учта чўян метални Иминнинг отасига тегишли “Москвич” автомашинасига юклаб, аниқроғи, ўғирлаб, адирликка яшириб келишади. Овнинг бароридан келгани “овчи”лар иштаҳасини янада очиб юборади. Шу куни соат 23.30 да улар энди Исковут қишлоғида яшовчи Рустам Ҳошимов (исм-фамилия ўзгартирилган)нинг уйи олдидан нархи 900 минг сўмлик яна учта чўян кўприкни “ўз ҳисобларига мусодара” қилишади.

Ишдан қайтаётганда кўприкдан ўтиб, уйига кирган Дониёр Ботиров эрта тонгда кўчага чиқиб қарасаки, кўприк йўқ. У дарҳол бу ҳақда туман ички ишлар бўлимига хабар беради.

Олиб борилган тезкор суриштирув-қидирув ишлари натижасида “шоввозлар” чўян металлар ўғирлик йўли билан топилганини айтмасдан, уларни 280 минг сўмга сотиб юборишгани аниқланди ва ўғирланган буюмлар эгаларига қайтарилди.

Суд мажлисида судланувчилар, даъвогарлар ва гувоҳнинг кўрсатмалари, иш бўйича тарафлар музокараси, жиноят иши ҳужжатлари ўрганилиб, жиноятчиларнинг айби исботланди.

Суд судланувчи Имин Муртазоев ва Машраб Муртазоевга жазо тури ва муддатини тайинлашда уларнинг муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экани, етказилган зарар тўлиқ қоплангани, ёши ва "Бодомзор" маҳалла фуқаролар йиғини кафолатини инобатга олди.

Шундан келиб чиқиб, судланувчиларга нисбатан жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган, енгилроқ бўлган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.

Улар энди иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтайдиган бўлди.


ЎзА