Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

E-SUD ЭЛЕКТРОН СУДЛОВ ТИЗИМИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАСИЗ?

04.05.2018

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), БМТ Тарраққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида яратилган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими республикамизнинг фуқаролик ишлари бўйича барча судларида кенг жорий этилган ва айни кунда ушбу тизимдан самарали фойдаланилмоқда.

Мазкур E-SUD электрон судлов ахборот тизимининг афзалликлари қуйидагилардан иборат:

- барча турдаги мурожаатлар, яъни даъво аризалари, аризалар, илтимосномалар, бошқа хил хат-хабарларни судга бормасдан, электрон шаклда юбориш ва улар бўйича суд ҳужжатларини қабул қилиб олиш;
- келиб тушган мурожаатларни электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш;
- даъво аризалари, аризалар ва ишларни судьяларга тегишли дастур орқали электрон равишда тақсимлаш;
- даъво аризалари ва аризаларни иш юритишга қабул қилиш ёки қабул қилишни рад қилиш;
- ишда иштирок этувчи тарафларни хабардор қилиш;
- электрон тарзда суд ҳужжатларини, шу жумладан, суд буйруқлари, ажримлар ва ҳал қилув қарорларини шакллантириш ҳамда уларни тарафларга юбориш;
- суд ҳужжатлари устидан электрон тарзда шикоят бериш;
- суд фаолиятига оид статистик ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни автоматик тарзда тайёрлаш.

2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакатимиздаги фуқаролик ишлари бўйича судларга E-SUD тизими орқали жами 204 490 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан, 127 833 таси суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризалардан, 76 657 таси эса даъво тартибида ҳал қилинадиган аризаларидан иборат.

Электрон шаклда келиб тушган даъво аризалари ва аризаларнинг асосий тоифалари қуйидагича: никоҳдан ажратиш - 27,8 фоиз, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлаш - 8,8 фоиз, қарзни ундириш - 5,8 фоиз.

Судларга E-SUD тизими орқали келиб тушган аризалар ва даъво аризаларининг ўртача 27 фоизи хотин-қизлар томонидан берилган.


Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати