Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ФИРИБГАРЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛЯПТИ?

03.05.2018

Фирибгарлар, яъни бировни алдаб унинг маблағи, қимматбаҳо буюми ёки бошқа мулкини эгаллаб олувчи кишиларнинг ишонтириш қобилиятини кўриб, уларни бемалол “устаси фаранглар”, десак хато бўлмайди.

Ён-атрофимизда фирибгарлар тузоғига тушиб бор-будидан ажраб қолаётганлар борлиги уларнинг устомонлигидандир. Афсусланарли жиҳати шундаки, фирибгарликка қарши қанчалик кураш олиб борилмасин, бу иллат барҳам топмаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам бу масалага эътибор қаратиб, фирибгарликни оғриқли мавзу, деб таъкидлаганди.

Хўш, бу иллат қаердан пайдо бўляпти, ўзи? Психологлар фиркрича, одам ўз-ўзидан фирибгар бўлиб қолмайди. Бу инсоннинг болалик, айниқса, ўсмирлик даврида қандай тарбия олганига бориб тақалади. Айрим ота-оналар фарзандининг ёлғон гапиришини билса-да, бунга жиддий эътибор қаратмайди. Бировнинг нарсасини уйга олиб келса, бунга парво қилмайди.

Боланинг шахс бўлиб шаклланиш даврида унинг мана шундай эътиборсиз қолиши унинг феъл-атворида ўзгаришлар ясайдики, у меҳнат қилмасдан, бировлар ҳисобига яхши яшаш мумкин, деган фикрга боради. Боланинг онгидан жой олган бу фикр унинг ҳаракатларини бошқара бошлайди.

Қарабсизки, бир фирибгар пайдо бўлади.

Чилонзорлик Музаффар ҳам боғчага қатнаган пайтлари ўртоқларининг ўйинчоқларини эгаллаб олиб, уйга келтирарди. Мактабда эса турли ўқув қуролларини синфдошларидан баъзан сўраб олса, баъзан алдов ёки зўрлик билан қўлга киритиб олишни хуш кўрарди. Болакай олиб келаётган бегона буюмларга ота-она умуман эътибор бермаган.

Ота-онасининг у билан унчалик иши бўлмагани боланинг ўзбошимча бўлиб улғайишига сабаб бўлди. Буларнинг бари Музаффарни ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, сурбет ўспиринга айлантирди.

Вақтида бировнинг нарсасини олиш нотўғри экани унга тушунтирилганида, бу кичкина ўғирликлари учун бола билан тарбиявий иш олиб борилганида бу навниҳол тўғри ўсган бўларди. Эртага у каттароқ ўғриликка ёки фирибгарликка қўл урмаган бўларди.

Афсуски, вақти келиб унинг хурмача қилиқлари ота-онасига ҳам ёқмай қолди. Бир куни отаси билан тортишиб қолган йигитча уйдан бош олиб чиқиб кетди. Тумандаги компьютерхоналардан бирида яшаб юрди.

Шундоғам жиноятга мойил бола муҳтожликдан фирибгарлик қилишга жазм қилди.

У шу ўй-хаёллар билан турганида ёнига коллежда бирга ўқийдиган ўртоқларидан бири келиб қолди. Унинг қимматбаҳо уяли телефон аппарати борлигини билган Музаффар хаёлига келган фикрдан ўзи ҳам қувониб кетди.

“Ўртоқ, қўнғироқ қилиб олай, телефонини бериб тур”, - деди унга.

Коллеждош унга йўқ дея олмади. Сал четроққа бориб гаплашиш баҳонасида Музаффар бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Ўз дўстининг бундай ноҳақлик қилишини кутмаган ўқувчи аввалига уни уйидан, коллеждан қидириб кўрди. Топа олмагач, “102” рақамига қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида хабар берди.

Музаффар эса қўлга киритилган “ўлжа”ни пуллаш учун “Olx. uz”га эълон бериш ва янги “ўлжа” қидириш билан банд эди. Шу орада кўчада кўриб қолган яна бир танишига ҳам ўша эски усулни қўллаб, телефонини олди.

Уни ҳам бир амаллаб чалғитиб жуфтакни ростлади.

Эълонлари ўз натижасини кўрсатиб, мижозлар бирин-кетин қўнғироқ қила бошлади. Музаффар фурсатни қўлдан бой бермай, телефонларнинг бирини 450 минг, яна бирини 150 минг сўмга сотиб юборди.

Албатта, бу жараёнда у ёлғиз эмас эди. Миршод исмли ўртоғи ундан ёрдамини аямади. Бунинг эвазига у ўзига яраша ҳақ ҳам олди.

Жабрланувчиларнинг ички ишлар органига мурожаатидан сўнг фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритган шахслар қўлга олинди.

– Ушбу ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Музаффар фирибгарлик жиноятини содир этгани, Миршод эса жиноятни амалга оширишда кўмаклашгани маълум бўлди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Орипов. – Судгача улар етказилган зарарни қоплагани инобатга олинди. Уларнинг биринчисига энг кам иш ҳақининг 20, иккинчисига энг кам иш ҳақининг 12 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, ҳали коллеж ўқувчиси бўлган бу ёшларнинг тўғри йўлдан адашишларида ота-оналари, устозларининг ўзига яраша "ҳисса"си бўлган. Уларнинг тарбияси, юриш-туриши назоратдан четда қолган. Ўзбошимчалик эса жиноятга йўл очган. Суд мажлисида бу масала ҳам муҳокама қилиниб, уларни огоҳлантириш чораси кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича судларда 2017 йилда фирибгарлик билан боғлиқ 11 мингдан зиёд шахсга нисбатан 9 минг 197 иш кўриб чиқилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 2 минг 93 шахсга нисбатан 1 минг 713 иш кўриб чиқилган.

Рақамлардан кўриниб турганидек, қанчадан-қанча содда ва ишонувчан ҳамюртларимиз алданиб, жабр чеккан.

Аслида мулкка нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.

Аммо амалиётда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилишга оид жиноятларнинг кенгайиши тенденцияси кузатилаётир.

Бундай жиноятнинг асосан ёшлар томонидан содир этилаётгани уларнинг осон бойлик орттиришга бўлган иштиёқи ошгани билан изоҳлаш мумкин.

Лекин шундай қадимий халқ мақоллари, масалан «Текин тешиб чиқади», «Меҳнатнинг таги – роҳат», «Бировнинг ҳақи ўзгага буюрмайди» кабиларни наҳотки ёшларимиз эшитмай улғаяётган бўлса? Зеро, бундай ҳикматларни яхши билган ва уларга амал қилган ота-оналаримиз доим бировнинг ҳақидан, ҳаромдан ҳазар қилган. Асрлар синовидан ўтган бу ҳикматларни ёшларнинг қулоғига қуйиш, онгига чуқур сингдиришга эҳтиёж туғилмоқда, назаримизда.


ЎзА