Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШДА СУД АМАЛИЁТИ

16.04.2018

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Интеллектуал мулк агентлиги ҳамкорлигида “Интеллектуал мулк ҳимоясининг амалий масалалари ва суд амалиёти” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган семинарда Олий суд ва вилоятлар судлари судьялари, Интеллектуал мулк агентлиги мутасаддилари, хорижий экспертлар иштирок этди. 

Тадбирда мамлакатимизда бозор муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани интеллектуал мулк объектлари ва уларга оид ҳуқуқларни таъминлашга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бу, аввало, хусусий мулк дахлсизлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамлаб қўйилгани, Фуқаролик кодексида интеллектуал мулкка оид муносабатларга бағишланган алоҳида бўлим мавжудлигида намоён бўлади. 

Мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Хусусан, Иқтисодий судлар ҳуқуқ эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилишига оид аризаларни қаноатлантираётган бўлса, маъмурий ва фуқаролик судлари Интеллектуал мулк агентлиги ва унинг ҳузуридаги апелляция кенгаши қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишга оид даъволарни кўриб чиқмоқда. 

Таҳлилларга кўра, судларда кўрилаётган интеллектуал мулк билан боғлиқ ишлар сони йилдан йилга ортмоқда. Масалан, 2011 йилда суд органлари томонидан интеллектуал мулк объектлари ва уларга оид ҳуқуқларни таъминлашга алоқадор 22 иш кўрилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 80 дан ошган. 

Тадбирда Россия давлат интеллектуал мулк академияси ўқитувчилари интеллектуал мулк муҳофазасининг ҳуқуқий асослари, патент ва муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўйича суд ишлари мавзуларида ўз мамлакати тажрибасига бағишланган маърузалар билан иштирок этди. 

– Ўзбекистонда бизнеснинг қонуний манфаатларини давлат томонидан муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилаётир, – дейди Россия давлат интеллектуал мулк академияси ўқитувчиси Любовь Цитович. – Буни интеллектуал мулкни халқаро норма ва стандартларга мувофиқ ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилаётгани мисолида кўриш мумкин. Ушбу семинар интеллектуал мулк соҳасидаги баҳсли масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда халқаро амалиётни қўллаш, мамлакатларимиз учун бирдек манфаатли бўлган миллий тажрибани оммалаштириш имконини беради. 

Анжуманда иштирокчилар мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасига оид ишлар бўйича суд амалиёти ва халқаро тажриба, фуқароларнинг мулкка доир ҳуқуқий манфаатлари қамраб олинганлик даражаси каби масалалардаги саволларга жавоб олди. 

ЎзА