E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

МАСЖИДДА ЎҒИРЛИК ҚИЛГАН ОДАМ

11.04.2018

Халқимиз масжидларни "Оллоҳнинг уйи" деб билади ва бу муқаддас даргоҳга доим яхши ниятлар билан қадам қўяди. 

Бу даргоҳга ёмон ният, ғайри мақсад билан киришни кўпчилик тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Аммо, афсуски, орамизда ана шундай кимсалар ҳам йўқ эмас. 

Фарғоналик фуқаро Нодир Эргашев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йил 24 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган Минор жомеъ масжидига ўғрилик қилиш мақсадида борганди. Таҳоратхонага бош суққан бу кимса пешин намозига келган фуқароларнинг шу ерда илиб қўйилган кийим-кечаклари томон юради. Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, кийимларнинг чўнтакларини ковлаб кўради. Битта куртканинг чўнтагидан чиққан 400 минг сўм пулни олиб, воқеа жойидан яширинади. 

Нодир, асли, аввал ҳам бундай қилмишлари учун бир неча бор судланган.

Аммо у бундан тўғри хулоса чиқармади, қинғир йўлдан қайтмади. 

Бундан ташқари, у 2018 йил 15 февраль куни худди шу масжид таҳоратхонасига кириб, фуқаро М. Равшановга тегишли куртка чўнтагидан 650 минг сўм пулни олиб, воқеа жойидан яширинган. 

Ҳар икки жабрланувчи ҳам масжид ходимларига мурожаат қилган ва ходимлар кузатув камераси тасвирларини синчиклаб кўришган. Уларда Н. Эргашевнинг пулни олгани муҳрланиб қолган эди. 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир тумани судида мазкур жиноятларга оид иш кўриб чиқилди. Жиноятга баҳо беришда судланувчининг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экани, оилавий шароити оғирлигига эътибор қаратилди. Бироқ у бир неча бор судланган, аввал енгилроқ жазо тайинланган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармаган. Қисқаси, у ўзига берилган имкониятдан фойдаланмаган, бирор ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаган. Аксинча, қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтган. Ана шулар ҳисобга олиниб, Н. Эргашевга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан узил-кесил саккиз йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тегишли тартибда қоплаб берилиши белгиланди. 

ЎзА