E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУДЛАР "АДОЛАТ ҚЎРҒОНИГА" АЙЛАНМОҚДА

09.04.2018

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни суд корпуси билан бўлган учрашувда халқнинг суд тизимига бўлган ишончига фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқалигина эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаганди.

Давлатмиз раҳбари илгари сурган бу ғояни амалда рўёбга чиқариш мақсадида 2017 йилда мутлақ янги суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорларини қабул қилишни таъминлашга йўналтирилган туб ислоҳотлар амалга оширилди.
Айни шу шиддатли ўзгаришлар самараси ўлароқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 262 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, 2012-2016 йилларда бор-йўғи 7 нафар шахс оқланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 2018 йил биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шахсларни айбсиз деб топиш ва реабилитация қилиш билан боғлиқ суд қарорлари ўрганиб чиқилганда судлар бу масалага янада маъсулият билан ёндошаётгани маълум бўлди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 68 та жиноят иши бўйича 114 нафар шахсга нисбатан оқлаш ва реабилитация қилиш тўғрисида қарорлар чиқарилган.

Хусусан, биринчи инстанция судлари томонидан 55 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган ва Жиноят-процессуал кодексининг 83 моддаси (реабилитация учун асослар) асносида 9 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлар тугатилган, юқори турувчи инстанция судлари томонидан 50 нафар шахс оқланган ва уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан 2 нафар шахс ва жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан эса 9 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.

Таҳлил натижаларига кўра, биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан Қашқадарё вилоятида - 29, Тошкент шаҳрида - 16, Тошкент вилоятида - 13, Сурхондарё вилоятида -7, Андижон вилоятида – 7, Хоразм вилоятида – 6, Қорақалпоғистон Республикасида - 5, Самарқанд вилоятида - 5, Фарғона вилоятида - 4, Жиззах вилоятида - 4, Сирдарё вилоятида - 4, Навоий вилоятида – 4 ва Бухоро вилоятида 1 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.

Олий суд томонидан ушбу суд қарорлари ўрганиб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича эълон қилинган айбловлар далиллар билан тасдиқланмагани, тахминлар ёки миш-мишлардан иборат маълумотлар ҳамда номақбул далилларга асослангани боис судлар томонидан барча қарорлар асосли равишда чиқарилган деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати