E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ОИЛА ВА НИКОҲ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБИГА БАҒИШЛАНГАН РИСОЛА

06.04.2018
Оила – муқаддас қўрғон. Оилада халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари ривож топиш билан бирга эртанги кунимиз эгалари – фарзандларимиз камолга етади.
 
 
Шу боис халқимиз оилани муқаддас билиб, унинг тинч-тотувлиги, фаровонлигини таъминлашга ҳамиша алоҳида эътибор қаратиб келади.
 
Айниқса, бугунги кунда мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти шаклланаётган жараёнда оила ўзига хос ижтимоий институт сифатида янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
Шу боисдан ҳам, мамлакатимизда барча хайрли ишлар, эзгу амаллар, аввало, оилаларнинг фаровонлигини, тотувлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ҳамда уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсадида амалга ошириб келинмоқда. Зеро, оилада шаклланган соғлом муҳит фаровон турмуш, осуда ҳаёт тарзимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
 
Албатта, оилаларнинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан фуқаролар никоҳ ва оила муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини нечоғлик пухта эгаллаши ва уларга қатъий риоя қилиши билан чамбарчас боғлиқ.
 
Фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари, хусусан, оила ва никоҳ муносабатларига оид ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, ушбу масалага оид суд амалиётини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида “Оила ва никоҳ муносабатларининг ҳуқуқий тартиби” рисоласи тайёрланди.
 
Мазкур рисолада никоҳ ва оила масалаларига оид баъзи ҳуқуқий тушунтиришлар қизиқарли инфографикалар, жадваллар, схемалар ва расмлар ёрдамида аҳолининг кенг қатламларига тушунарли тилда акс эттирилган.
 
Рисола оила қуриш ниятида бўлган ёшлар, оила қуриб яшаётган эр ва хотинлар ҳамда оила ва никоҳ ҳуқуқи билан қизиқувчи барча фуқаролар учун мўлжалланган.
 
Ушбу рисола маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали аҳолига бепул тарқатилиши режалаштирилган.
 
 
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати