Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУДЬЯЛАР ТЕАТРДА

06.03.2018

Маънавий жиҳатдан етук инсон ўз зиммасидаги вазифаларни тўлиқ адо этади, ҳалоллик, қонун талабига оғишмай амал қилиш, эзгулик ва савоб ишларни ўзининг фаолияти мезони деб билади.


Шу маънода инсон ҳаётда қайси касбни танлашидан қатъий назар маънавий жиҳатдан етук бўлса, албатта, муваффақиятларга эришади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев судьялар корпуси билан бўлиб ўтган учрашувда судьяларнинг маънавий жиҳатдан етук бўлиши адолатли, асосли ва қонуний қарорлар қабул қилишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтганди.

Бугун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида судьялар ва суд ходимларининг маънавий дунёсини юксалтириш, уларни турли маданий масканларга ташрифини таъминлаш масаласида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий суд Раёсатининг 2018 йил 20 январдаги “Республика судларининг 2017 йил одил судловни амалга ошириш якунлари ҳамда келгусидаги вазифалар тўғрисида”ги қарорининг 34-бандида, суд раисларига ходимларнинг самарали фаолият олиб бориши ва уларнинг маданий дам олишини таъминлаш мақсадида судья ва суд ходимларини маданият масканларига оммавий ташрифини таъминлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилган эди.

Шундан келиб чиқиб, судья ва суд ходимларининг маданий дам олишини таъминлаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судларининг 124 нафар ходими Ўзбек миллий Академик театрига ташриф буюришди.

Аввало судья ва суд ходимлари Миллий академик театрнинг тарихи, ушбу муқаддас масканда ижод қилган ўзбек театр санъатининг буюк дарғалари ижод йўли билан яқиндан танишишди.

Шундан сўнг судья ва суд ходимлари Миллик академик театрининг истеъдодли актёрлари томонидан саҳналаштирилган Н. Гоголнинг “Ревизор” спектаклини катта қизиқиш билан томоша қилишди.

- Бугун жамоамиз билан театрга ташриф буюриб, маънавият инсон ҳаётида ўта муҳим ўрин тутишини яна бир карра юракдан ҳис этдик, - дейди фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раиси Шерзод Ражабов. – Айниқса, саҳнада истеъдодли актёрлар маҳорат билан ҳаётда учраётган турли хил иллатларни фош этиши, эзгулик, ҳалоллик ва ростгўйлик каби юксак инсоний фазилатларни улуғлаши ҳар биримизга катта таассурот уйғотди. Жамоамиз билан бундан кейин театрларга мунтазам келиб туришга келишиб олдик.

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати