E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ЁШЛАР ОҚЛАНДИ, АММО БАДАЛИ ҚИММАТГА ТУШДИ

05.03.2018

Камолиддин уч ёшида онасидан айрилди. Отаси қўлида катта бўлди.

Унинг мурғак қалби синмасин дея отаси ҳам қайта уйланмади.

Меҳнаткаш, ақлли, ҳалол йигит касб-ҳунар коллежини тамомлагач, бироз пул ишлаш ниятида ўртоғи Тўймурод Муҳаммадов билан келишди.

Узоқ йиллар пойтахт бозорларида ишлаб юрган ҳамқишлоқлари Олим Ҳусанов ва Нозим Шобековларнинг катта ваъдаларига алданиб Тошкент шаҳрига келади. 


Нимаики иш бўлса бажаришар, ишни оғир-енгилга ажратмасдан меҳнат қиларди. Улар аравакашлик қила бошлади. Шундай кунларнинг бирида О. Ҳусанов ва Н. Шобековлар уларни Олмазор туманидаги “Жоме” бозорида жойлашган “Glas Ekspo” масъулияти чекланган жамиятига қарашли жами 54 дона 250 миллион сўмдан ортиқ қийматга эга “Аристон” (сув иситиш мосламаси) ни “Исузи” русумли автомашинага юклаб беришини айтади.

Аравакаш йигитлар ишни бажариб бўлгач, иш ҳақини олиб ортга қайтади. 

Орадан уч кун ўтмай, улар ўғирланган буюмларни ортганлигидан хабардор бўлишгач, ўзларини оқлашга сўз топа олмай қолишади.

Ўзларини қанча оқламасин, улар “айбсиз” айбдорларга айланиб улгуришган эди. 

Айблов хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55- ва 56-моддаларига мувофиқ, уюшган жиноятчиликни содир этган, ўзгалар мулкини талон-тарож этганликда айбланади. 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши фаоллари томонидан намунали оилада ўсган бу ёш йигитларга қўйилаётган айбловлар ва жиноят иши чуқур ўрганиб чиқилди. Мутахассислар билан ҳамкорликда уларнинг айби йўқ экани исботланди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ўртасида 2017 йил 5 декабрда имзоланган ёшлар масалалари соҳасидаги ўзаро меморандумга мувофиқ, судланувчи ёшларнинг иши қайта кўрилди. 

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Камолиддин Мусаев ва Тўймурод Муҳаммадовларнинг иши кўрилди. Суд ёшларнинг қилмишини ўзи англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, бошқаларнинг сўзига кириб адашганини ҳисобга олиб, уларга нисбатан қўлланилган 4 ярим йилдан 8 йилгача муддатда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазони бекор қилди. Улар кафиллик асосида суд залидан озод этилди.

Улар Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Қайрағоч қишлоғидаги “Акбар Акмалович даласи” фермер хўжалигида иш фаолиятини бошлади. 

Асл айбдорларнинг кирдикорлари фош этилди. Аммо уларнинг айби билан фарзандининг айбдорлигини эшитган отанинг юраги бу азобга дош беролмади. Ҳаётдан кўз юмди. 

“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”, дейишади. Аммо бу орада зиён кўрганлар, саломатлигини йўқотадиганларга қийин бўлади. 

ЎзА