Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУДЬЯЛАРНИНГ ТАНТАНАЛИ ҚАСАМЁДИ

27.02.2018

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.


Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг қарорига мувофиқ биринчи маротаба лавозимга тайинланган судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Б. Деҳқонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Сўзга чиққанлар судьяларга қасамёдга содиқ бўлишларида, давлатимиз раҳбари томонидан судьялар корпуси олдига қўйилган талабларга қатъий амал қилишларида ҳамда уларга билдирилган юксак ишончни тўлиқ оқлашларида муваффақиятлар тиладилар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тегишли қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган уч нафар судьянинг қасамёди эшитилди. 

– Давлатимиз байроғи остида тантанали равишда қасамёд қабул қилиш юксак шараф ва улкан масъулиятдир, – дейди Жиззах вилояти Зафаробод туман маъмурий суди раиси лавозимига тайинланган А. Тўйчиев. – Ана шундай масъулиятли вазифага киришарканмиз, Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётда ўз ифодасини топиши, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини юксак даражада ҳимоя қилиниши йўлида фидойилик билан хизмат қиламиз. 

Сўзга чиққан қариндошлар лавозимларга янги тайинланган судьяларнинг зиммаларига юклатилган вазифаларни ҳалол ва холис бажаришларида кўмак беришларини айтдилар.

Қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳномалар топширилди.
 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати