E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУРХОНДАРЁДА 15 НАФАР ШАХСГА ОҚЛОВ ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

13.02.2018

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судидан олинган маълумотларга кўра, 2017 йили вилоятда кўрилган жиноят ишлари 2016 йилга нисбатан 263 тага камайган. 

Қилмиши учун судланган шахсларнинг 7,3 фоизига жарима, 35,1 фоизига аҳлоқ тузатиш ишлари, 8,7 фоизига озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Судланганларнинг 0,1 фоизига қамоқ, 19,1 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. 10,8 фоизи тайинланган жазодан озод этилган бўлса, 10,8 фоизига шартли ҳукм қилинган. Жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилганлар 5,9 фоизни ташкил этган бўлса, 15 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. 

Масалан, жиноят ишлари бўйича Узун тумани суди 2017 йил 21 ноябрь куни М. Нарзиқулова ҳамда А. Юсуповга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Улар дастлабки тергов органи томонидан фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2015 йил 29 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан “Покиза ҳаммом” жамоа корхонасига тегишли барча ҳуқуқ туғдирувчи ва бухгалтерия ҳужжатларини, муҳр ва тамғасини мазкур корхона раҳбариятига юклашни белгилаш ҳақидаги қисми ижросини таъминлашдан бўйин товлашда айбланган. 

Жиноят ишлари бўйича Узун тумани суди судланувчилар М. Нарзиқулова ҳамда А. Юсуповнинг ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми “а” банди ва 232-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганини инобатга олиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан оқлади. 

Ошкоралик, адолат, инсонпарварлик каби юксак тамойиллар жамиятимизнинг бош мезонига айланаётган юртимизда бегуноҳ инсонлар қонун ҳимоясида.  

ЎзА