Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ШАРОБ ИЧИБ ХАРОБ БЎЛДИ

07.02.2018

Муштипар аёл ўз боласини дунёга келтириб, вояга етказгунига қадар анча заҳмат чекади. Йиғласа, қўшилиб йиғлайди, кулса унга-да шерик бўлади. Бирор ерига зиён етгудек бўлса, ундан ортиқ азоб чекади. Айниқса, орзулари энди ушалиш арафасида, ўғлини уйлаб, келинчак қўлидан чой ичишни дилга туккан маҳал бари саробга айланса... Қавм-қариндошлар, маҳалладошлар ўғлининг тўйи ўрнига жанозасига йиғилса...

Мирзаевлар (барча исмлар ўзгартирилган) оиласи ўрта ҳол кун кечирса-да, бировнинг эшигига зорланиб чиққан эмас. Фарзандлар ҳам бору йўққа қаноат қилиб, кўзи тўқ бўлиб улғайишган. Тўрақул аканинг қора қозонга ёвғон бўлиб тургани болаларга ҳам маълум. Сингил опасининг, ука акасининг кийимини кийиб катта бўлишган. Тўнғич фарзанд Муроджон вояга етиб, тоғни урса талқон қиладиган йигит бўлди. Бир айби — ўқиёлмади. Бироқ меҳнатда суяги қотган йигит бир ярим йил рус заминида ишлаб ўзга юртда нон топиш осон эмаслигини тушуниб етди. Бу орада сафари қариди. Уйга қайтиб, иш сўраб, кўп жойларга мурожаат қилди. Аммо иш топилавермади.

“Бу ер минг қилса ҳам кичик жой, яхшиси пойтахтга кетаман, уёқларда иш дегани анқонинг уруғи бўлмаса керак” хаёл қилди у. Тошкентга келганида баҳорнинг ўрталари эди. Айни дарахтлар гуллаган, атроф яшилликка бурканган маҳал. “Тўғри бу ерларнинг ҳам ўзига яраша чиройи, ҳусни таровати бор, лекин воҳа барибир бошқача-да! Тоза ҳаво, ёнгинангда турган тоғларнинг келбати, этакларида маъраб юрган қўй-қўзиларнинг овози, жилғаларда оқаётган сувнинг совуқ ҳовури, боғда ёри билан яширинча учрашганлари...” шуларни ўйларкан юраги уйи томон бир энтикди. Кузаккача уч-тўрт сўм йиғса, бориб тўйни бошлайди. Кейин яна ўз юртидан иш излаб кўради.

Келган куниёқ қишлоқдошлари билан хабарлашганди, минг қилса ҳам ўзиники-да, ўртоқлари Учқун ва Лазиз уни кутиб олиб, ижарадаги уйларига олиб борди. Уч ҳамқишлоқ йигирма кунча бирга яшади, бирга ишлади. Учқун апрелнинг охирида уйига кетарман бўлди. Муроджон билан Лазиз қолиб тағин ишлади. Бу орада ижара пули қимматлик қилиб, бошқа жойга кўчишди.

Майнинг ўрталарида пойтахтга қайтган Учқун ўртоқларининг янги жойга кўчганини билди. Ўша куни бирор иш чиқмагани сабабли уйга эрта қайтган уч оғайни анчагача гурунглашиб ўтирди. Уч хонали квартиранинг бир хонасида булар яшаса, икки хонасида Низом исмли киши онаси, аёли ва боласи билан истиқомат қилар эди. Мусофирликнинг юки оғир деганлари яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Мардикорлик мушкул. Бир кун иш бўлса, бир кун... Уч ҳамқишлоқнинг катта шаҳардан умидлари кўп. Бироқ қўлдан берганга қуш тўярмиди?.. Ўша куни иш тополмай, тушликка яқин Учқун ва Лазиз уйга қайтишди. Йўл-йўлакай муздеккина пиво олган йигитлар уйда ўзларича ҳасратлашди. Куннинг иссиғиданми, ичкиликнинг “зўр”иданми, бир муддат ўтиб, кўзларини уйқу элтди...

Боши тарс ёрилгудек бўлиб уйғонган Учқун кўзини очар-очмас телефонини титкилашга тушди. Қараса, Муроддан бир неча марта қўнғироқ бўлган. Ўзи қайта қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмади.Ошхонага чиқди. Балконда Мурод турарди. Нега телефонни кўтармагани ҳақида сўраганди, Муроджон жаҳл билан жеркиб берди. Учқун қайта-қайта “тинчликми?” дея сўради. Иссиқда иш кутиб, умиди пучга чиққанидан аламзада Мурод тайинли жавоб ўрнига дўстини ҳақорат қилишга тушди. Энг ёмони — ҳамхонасининг қайлиғи номига ҳақоратомуз сўзлар ёғдирди. Учқун ҳам бўш келмади — бисотидаги ҳақоратли сўзлар билан “сийлади”. Уйдаги бақир-чақирдан уйғониб кетган Лазиз уларни ажратиб, тинчлантиришга ҳаракат қилди. Бироқ сўкинишга “луғат бойлиги” камлик қилган Мурод Учқуннинг бошига шиша банка билан туширди. Бошидан оққан қон бўйни томон сизаётганини кўрган Учқун дўстининг қилмишини жавобсиз қолдиргиси келмай, қўлидаги коса билан Муроднинг пешонасига урди. Лекин жароҳат жойидан қон чиқмади. Лазиз Муродни тинчлантириш учун пастга олиб тушиб кетди. Учқун эса ваннага кириб боши ва бўйнидаги қонларини ювди, қон теккан кийимларини алиштирди-да, шерикларининг ортидан пастга тушди. Яна ҳақоратлар, яна сўкинишлар... Икки ўртада жони ҳалак Лазиз амаллаб уларни тинчлантириб, қайта уйга олиб чиқди. Шу орада қорни очган Учқун Лазизни дўконга жўнатди. Иккаласидан ортиқ жанжаллашмаслик аҳдини олган Лазиз орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас, Учқуннинг “уни ўлдириб қўйдим, тез кел” хабарини эшитиши ҳамоноқ оёғини қўлига олиб уйга югурди. Хонага кирганда, кўрпача остида Муроднинг қонга беланган танаси ётарди. Бироқ ҳамон хириллаб нафас олар, жон талвасасида эди. Лазиз тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Бироқ тез ёрдам келганда Мурод сўнгги нафасини олиб бўлганди.

Тергов давомида маълум бўлишича, Лазизни дўконга юборгандан сўнг Мурод билан тағин гаплашиб олмоқчи бўлган Учқун бўлғуси турмуш ўртоғи шаънига айтилган ҳақоратомуз сўзларни ҳазм қилолмаган. Журъатини ҳам кўрсатиб қўймоқчи бўлиб, “қўлингдан ҳеч нарса келмайди” қабилида сўз қотган марҳумнинг кўкрагига рўзғорда ишлатиладиган пичоқни бехато қадаган. Баданининг бошқа бир неча жойларига ҳам...

Арманлар айтганидек, эшак ортидан, эчки олдидан, маст эса ҳар томонлама хатарли бўлгани каби Учқун ҳам жаҳл ва тарқаб улгурмаган мастлик оқибатида ўз дўстининг қотилига айланди. Муроднинг бўйнидан сизиб чиқаётган қонни кўргачгина, ҳуши жойига келиб, қўрқувдан қалтираган қўллари Лазизнинг рақамини терди...

Ўғли билан гаплашганига ҳали бир соат ҳам бўлмаган Тўрақул аканинг қайнукаси олиб келган хабардан ўтакаси ёрилай деди.

Ҳаёт қизиқ-да! “Мен туғилдим!” дея оламга “инга”си билан жар солган беозоргина чақалоқнинг йиллар ўтиб бировга озор беришини ким етти ухлаб тушида кўради дейсиз. Жажжи бармоқчаларини ўйнатиб, нозик ҳаракатлари билан ҳаммани ўзига мафтун этган қўлчаларнинг кун келиб, бировнинг танига оғриқли тиғ санчишини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Афсуски, бири кам дунё, кутилганда кутилмаган воқеларни содир этади.

Ҳар корига яраган, тўйу маросимида елкадош, азаю маъракасида белбоғдош бўлган икки ошна эрк берилган ғазаб ва ақлни ишғол этган шайтон суви сабаб бири марҳум, бири маҳкум бўлди. Алломалардан бири бежиз ичкиликка “Май дўстларни койиш, улар билан жанжаллашиш, ҳамсуҳбатларга озор бериш ва яқин кишилардан жудолашишга сабаб бўлади. Мен ўз ҳаётим билан онт ичиб айтаманки, май шишаларини ушлаган қўллардан темир-терсак билан шуғулланувчи темирчилар кўли покизароқдир”, дея таъриф бермаган экан.

“Май ичувчилар сувга бораётган подалардек оғизларидан нима чиққанини билмай бақиришади. Эй май, улуғ мартабалар биноси ва ақл кошоналари сен туфайли харобага айланади. Ичкилик ичиб, ақлини бир нафас йўқотган киши оғир мусибатга учраб ўлганлар қаторида бўлади”. Бу ҳикмат Учқуннинг аччиқ ҳаётида ўз тасдиғини топди.

Сарвар КАРИМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди судьяси,
Гўзал МАЛИКОВА,
“Ҳуррият” мухбири

(“Ҳуррият” газетаси,
2018 йил 7 февраль)