E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

КАФОЛАТЛИ ОДИЛ СУДЛОВ

08.02.2018

Уни таъминлаш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида ўтказилган давра суҳбати роппа-роса бир йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ифодаланган вазифалар ижроси муҳокамасига бағишланди.

Унда Олий суд судьялари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси, Судьялар олий кенгаши вакиллари, хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг раҳбарлари иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов таъкидлаганидек, судлар фаолиятини кучайтиришда Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, ўтган йилда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, кадрларни танлашнинг демократик, шаффоф механизмини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда 207 та маъмурий суд ташкил этилди.

Тадбиркорлар манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида 85 та иқтисодий суд фаолияти йўлга қўйилди.

Президентимиз мамлакатимиз судьялар корпуси билан учрашиб, юзма-юз мулоқот асосида тизимдаги мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифаларни муҳокама қилгани, ҳеч шубҳасиз, соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Энг асосийси, ушбу тарихий аҳамиятга эга учрашувда илгари сурилган муҳим амалий чора-тадбирлар бугун ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Суд тизимида шундай ўзгаришлар натижасида ўтган қисқа вақтда 262 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб қолади. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Аввало, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилади. У фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида муаммоларни ҳал этиш механизмларини яратиш билан шуғулланади.

Шунингдек, судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьялар мақомининг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилади. Яъни судьялик лавозимига тайинланаётган номзод бўйича туман ва шаҳар жамоатчилиги фикрини ўрганиш тартиби жорий қилинади. Бундан ташқари, терговга қадар текширув, суриштирув ва терговнинг ҳар томонлама ҳамда холисона юритилишини, муайян ишлар юзасидан қарорлар қабул қилишда судьянинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган қўшимча ҳуқуқий чоралар белгилаб олинади.

Марказий суд органлари ва муассасалари фаолияти уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларнинг жойлашуви қайта кўриб чиқилади. Шу мақсадда марказий суд органлари ва муассасаларини бирлаштирадиган “Адолат саройи” мажмуаси ҳамда Ўзбекистон Одил судлов академияси очилади. “Хабеас корпус” институти янада кенгайтирилади. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича 2018 — 2021 йилларга мўлжалланган концепция тасдиқланади.

Тадбирда Давлат дастури доирасидаги бошқа қатор долзарб вазифалар ҳам чуқур таҳлил қилинди.
 

Сўз иштирокчиларга

Хелена Фрейзер, БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:

— Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиланишлардан хабардорман. Хусусан, 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган ва аниқ чора-тадбирларни қамраб олган дастур ҳаётга кенг татбиқ қилинаётир. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тарраққиёт дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига кенг жорий этилмоқда. Бу одамларнинг мушкулини осон қилаяпти. Ана шундай эзгу ишда ҳиссамиз борлигидан жуда мамнунмиз.

Акмал Бурҳонов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори:

— Бугунги ислоҳотлар жараёнида ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Юртбошимиз томонидан ўтган йили бир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиндики, улар соҳа ислоҳотларида ҳуқуқий асос бўлмоқда. Хусусан, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган қонунларга кўра, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс тасдиқланди. Марказимиз томонидан шу қонунлар ва соҳа ислоҳотлари мазмун-моҳияти нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларга етказиб келинмоқда. Давра суҳбати бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтириш имконини беради.

Владимир Тюрденев, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари тобора жадаллик касб этмоқда. Ҳаракатлар стратегияси бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Бу ҳужжатда соҳа ислоҳотлари алоҳида бир йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, ҳозирги пайтда шу асосда кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Биз бу борада ҳам ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ҳаракатидамиз. Шу маънода, тадбирда алоқаларни янада кучайтириш масаласи кўриб чиқилгани ҳар иккала томон мутахассислари учун ҳам айни муддао бўлди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ

(“Халқ сўзи” газетаси,
2018 йил 8 февраль)