E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

СУДЛАР ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

07.02.2018

Мамлакатимиз суд тизимида кенг кўламли, том маънода тарихий ўзгаришлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан ташкил этилган давра суҳбатида бу алоҳида қайд этилди.

Судьялар олий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Судьялар ассоциацияси раҳбарлари, судьялар, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, Ўзбекистон ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ҳаракатлар стратегисияда белгиланган вазифалар ижроси бўйича қилинган ва қилинаётган ишлар бўйича фикр алмашилди.

Олий суд раиси К. Комилов ва бошқалар Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлади. Бундан кўзланган асосий мақсад – суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш орқали фуқароларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли таъминлашдир.

Юртимизда биринчи марта Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда 207 маъмурий суд ташкил этилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган 85 иқтисодий суд фаолияти йўлга қўйилди.


Мамлакатимиз тарихида илк бор судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Судларнинг халқимиз олдидаги масъу​лиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Фуқароларнинг ижобий фикри мавжуд бўлган тақдирдагина судьяликка номзодлар лавозимга тайинланмоқда.

Суд тизимидаги тарихий ўзгаришлар натижасида ўтган қисқа вақтда 262 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

– Ҳаракатлар стартегиясини қабул қилиш билан Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг келгусидаги тараққиёт йўлини белгилади, – дейди БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Х. Фрейзер. – Инсон ҳуқуқлари ҳимояси стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу хотин-қизлар, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган амалий ишларда намоён бўлаётир. Қонун устуворлигини таъминлаш борасида суд тизими замон талабига мос тубдан ислоҳ қилинди. Электрон судлов тизими кенгайтирилаётгани аҳолига яратилган катта қулайлик бўлмоқда.


Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишлар изчил давом эттирилади.

Жорий йилда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида жиноят ишини кўриб чиқишнинг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, процессуал ҳужжатларни расмийлаштиришни соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Яъни жиноятни рўйхатга олиш ва тергов қилишдан то ҳукмни ижро этишгача бўлган жараённи ўз ичига олувчи “электрон жиноят иши” тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция (рухсат) бериш ваколати прокуратурадан судга ўтказилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноят процессида жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган янги механизмлар амалиётга жорий этилади. Бошқача айтганда, процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган кўрсатувлар, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.


Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатма беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади.

Шунингдек, жиноят ҳақида ёлғон хабар ва ёлғон гувоҳлик берганлик учун жавобгарлик янада кучайтирилади.

Жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш ва жиноят содир этган шахсларни жиноий таъқиб қилиш муддатларини мақбуллаштириш режалаштирилмоқда. Яъни айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатларини қисқартириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил муддат ўтган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини белгиловчи қоидалар жорий этилади.

ЎзА