Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ФИРИБГАРЛИККА ЖАЗО ТАЙИНЛАШ ОҒИРЛАШДИ...МИ?

11.01.2018

Бугунги кунда “ўқишга киритиб қўяман”, “уй олиб бераман”, “ишга жойлаб қўяман”, деб одамларни алдаб, кўпчиликни чув тушираётган фирибгарлар ҳам, афсуски, учраб турибди. Айниқса, кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, уларнинг содир этиш усуллари ҳам турлича бўла бошлади. 

2017 йил 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Хўш, энди шу тоифадаги жиноий қилмишларни тўғри малакалаш, қонун талабларини тўғри қўллаш кабиларда нима ўзгаришлар бўлди? Фирибгарликка жазо тайинлашда қайси жиҳатларга эътибор қаратилади? Фирибгарликка жазо тайинлаш оғирлашдими ёки ўзгаришсиз қолдими? Бу ҳақда ЎзА мухбири жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг судьяси Турғунали Мирзаев билан суҳбатлашди. 

– Биз ўз фаолиятимиз давомида фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб жиноий ишларни кўриб чиқамиз, – дейди Т. Мирзаев. – Бугунги кунда жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани фирибгарликдир.

Фирибгарликнинг тарихи узун. Аслида, алдов, таъмагирлик, туҳмат, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкига эгалик қилиш кишилик жамияти билан бир пайтда пайдо бўлган. Айни пайтда фирибгарликнинг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 

Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текинга қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради ёхуд ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият яратади.

Фирибгарликда айбдор томонидан била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни чалғитишга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади. Шуни таъкидлаш жоизки, қонунга кўра фуқаролар мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганганлик учун жиноий жавобгарлик талон-торож миқдоридан қатъи назар келиб чиқади. 

Кейинги уч йилда фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар сони ошган. Амалиёт таҳлилларидан келиб чиқиб, 2016 йил 26 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят Кодекси 168-моддасига ўзгартириш киритилиб, жазо чоралари кучайтирилди, қўшимча бандлар киритилди. Хизмат мавқеидан фойдаланиб фирибгарлик содир этганлик учун модданинг учинчи қисми “в” банди билан тўлдирилиб, шахс ўз хизмат мавқеидан фақат алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўлида фойдаланиб, ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш учун ўз хизмат ваколатлари доирасида бўлмаган ҳаракатларни амалга оширади. Бундай фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам анчагина. Яқинда Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг кассация судлов ҳайъати томонидан ана шундай иш кўриб чиқилди. 

А. Садиев Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси вазифасида ишлаб, ўз ваколатларига кирмайдиган ишни "қилиб бераман", дея 50 нафар шахсга туман ҳокимлигидан ер ажратиб беришда ўзининг шахсий компьютери ёрдамида туман ҳокимининг қарорларини сохталаштириб, тумандаги захира ерларга сохта эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжат тайёрлаган, албатта, буни муайян ҳақ эвазига амалга оширган.

Бежиз “бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб айтилмаганидек, А. Садиевнинг қилмишлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ошкор қилиниб, унга нисбатан тергов ва суд ишлари олиб борилди. Судлов ҳайъати томонидан суд ҳукми ўзгартирилиб, янги қабул қилинган Пленум қарорининг тушунтиришларига амал қилиб, А. Садиевнинг мансабдор шахсга пора беришга далолат қилиш моддаси чиқарилиб, унга қўлланилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси қонунга мувофиқлаштирилди. 

Албатта, фирибгарлик йўлини тутган кишилар ишончга кириш учун минг бир усулдан фойдаланади. Шахс муайян ҳаракатни аслида амалга ошира олмайдиган шахс бўлса-да, гўё мансабдор шахсга пора сифатида бериш учун пул ёки бошқа қимматликларни қўлга киритиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юбориш ҳам фирибгарлик сифатида баҳоланади. Қимматликни қўлга киритиш учун пора беришга далолат этилган бўлса, шахснинг ҳаракатлари фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қаралади ва қимматликлар эгасининг ҳаракати пора беришга суиқасд сифатида жавобгарликка тортилиши, шунингдек, агар пора бериш ташаббуси пора берувчи томонидан билдирилган бўлса, бундай ҳолда шахснинг ҳаракатлари фақат фирибгарлик сифатида баҳоланиб, қўшимча равишда пора беришга далолат қилиш жинояти билан жавобгарликка тортилмаслиги кўрсатилиб, фирибгарлик содир этган шахсга ёки ушбу жиноятни содир этишга ундаган шахсга ҳам жазо муқаррарлиги белгилаб қўйилди. 

Г. Исмоилова муқаддам бир неча марта фирибгарлик жиноятини содир этиб, судланган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармай яна жиноятга қўл урди. У Фарғона шаҳрида яшовчи Г. Муратова ва М. Юсупованинг фарзандларини Корея Республикасига ишга жўнатишга ёрдам беришни ваъда қилиб, уларни алдаб, ишончига кириб, турли миқдордаги қимматликларини қўлга киритади. Судлов ҳайъати томонидан Г. Исмоилованинг иши кўрилиб, янги қабул қилинган Пленум қарори тушунтиришларига амал қилиниб, пора беришга далолат қилиш жинояти чиқарилиб, Г. Исмоиловадан жабрланганларга моддий қимматликлар қайтарилиши белгиланди. Албатта, бунда жабрланган шахсларнинг поймол бўлган ҳуқуқи тўлиқ тикланиб, уларнинг суддан рози бўлиб, адолат қарор топгани мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилаётганини кўрсатади. 

ЎзА