E-SUD

Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

КИЧИК ХАТО КАТТА ҚОНУНБУЗАРЛИККА ЙЎЛ ОЧГАН

26.12.2017

Судьяларнинг сайёр қабулида бу аён бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциянинг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугунги кунда фуқароларимиз мансабдорлар олдига эмас, балки мансабдор шахсларнинг ўзи халқимиз олдига бораётгани, бу катта ўзгариш эканини, алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларга ечим топмоқда. Бу аҳолининг давлат идораларига узоқ йўл босиб келиши, унинг эшигида соатлаб навбат кутиши каби оғриқли масалаларга барҳам бермоқда.

Шу кунларда пойтахтимиз аҳолиси учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, солиқ ва божхона қўмиталари раҳбарлари сайёр қабуллар ўтказмоқда. Қабуллар жараёнида фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар бўйича тегишли орган раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари билан шахсан учрашиб, муаммосига ечим топаётир.

Ўзбекистон Олий суди раҳбарияти Чилонзор ва Яшнобод туманларида ўтказган сайёр қабулларга мингга яқин фуқаро келди.

Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг сайёр қабулига кирган Сергели туманида истиқомат қилувчи Ҳалима Алимова бундан бир йил олдин уй сотиб олгани, лекин кейин уй бўйича можаро чиққани, шу масалада қонуний ҳуқуқи ҳимоя қилинишини сўраб келганини билдирди.

Маълум бўлишича, Ҳ. Алимова Сергели туманида жойлашган икки хонали уйни уй эгаси нотариал тартибда тасдиқлаб берган, сотиш ҳуқуқи кўрсатилган ишончнома орқали сотиб олган. Олди-сотди шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилган. Шу асосда у уйни ўз номига ўтказган. Унинг қўлида эгалик ҳуқуқига оид кадастр ҳужжатлари ҳам мавжуд.

Лекин уйнинг аввалги ҳақиқий эгаси кейинчалик ўзи берган ишончномани тан олмай, уйни қайтариб олишга жазм этган. Ишончнома сохта эди, деган важ билан уйни қайтариш бўйича қуйи суд қарорини чиқаришга ҳам эришган.

Бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақ ёки ким инсофдан кўз юммоқда? Хулоса чиқариш учун ишга оид барча ҳужжат ва далиллар қайта кўриб чиқилиши керак. Суд раиси шу нуқтаи назардан Ҳ.Алимованинг мурожаатини алоҳида назоратга олинган ҳолда тез кунда кўриб чиқилишини билдирди.

Қабул учун навбат кутиб турган одамлар билан суҳбатлашарканмиз, уларнинг кўпчилигида уй-жой низоси билан боғлиқ муаммо борлиги аён бўлди. Кимдир Тошкент шаҳрида пропискаси бўлмагани учун тоғасининг номига уй сотиб олган. Вақт ўтиб тоға нафс йўриғига юриб, уй меники, деб туриб олган. Айримлар уй сотиб олгану уни вақтида номига расмийлаштирмаган.

– Фуқаролар ўз қонуний манфаатлари билан боғлиқ ҳужжатларни бекаму кўст қонуний тартибда расмийлаштирса, уларнинг ҳуқуқини ҳеч ким буза олмайди, – дейди Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. – Қабулга келаётган деярли барча фуқароларда ўз вақтида ҳужжатларни жой-жойига қўймаганлик, содда қилиб айтганда, кичик хатога йўл қўйилгани катта қонунбузарликларни келтириб чиқарган. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга оид ишлар олиб борилаётгани қарамай, бунга панжа орасидан қарайдиган, лоқайд одамлар ҳамон йўқ эмас. Гўёки уларнинг оддий шахсий ҳужжатларини ҳам ташқаридан келиб биров тўғрилаб бериши керак. Бундай лоқайдликка қарши курашиш, таъбир жоиз бўлса, одамларнинг кўзини очиш учун таъсирчан усулларни жорий этиш зарур.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан келган фуқаро Нурқул Файзиев ҳам ўзи яшаб турган уйни қариндошларидан бири сохта ҳужжатлар асосида ўз номига ўтказиб олгани, ўзи бола-чақаси билан кўчада қолаётгани, бу масала ўз ҳудудида ҳал этилмаганидан шикоят қилиб келган. Қўлида уй-жойга эгалик ҳуқуқи кўрсатилган барча ҳужжатлари мавжуд бу фуқаронинг иши тез кунда кўриб чиқиладиган бўлди. Узоқ вақт ноҳақликдан азият чеккан Нурқул ака биз билан суҳбатда юрагида ҳақиқатга, адолатга ишонч уйғонганини билдирди.

Ўғлим ноҳақ қамалди, мол-мулкимни қонунга зид равишда тортиб олишди, еримни олиб қўйишди, дўконимни бузиб, ҳақини тўлашмади, қарз олиб қайтармади каби мазмундаги шикоятлар билан одамлар сайёр қабулда навбат кутиб турибди. Барча-барчаси ўрганиб чиқишни талаб этади. Шуни инобатга олган ҳолда барча шикоятлар сайёр қабулга жалб этилган жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судлар судьялари томонидан бирма-бир ёзиб олинди.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари қайд этган рақамларга эътибор қаратсак: жорий йилда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказди. Бу қабулларда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш билан боғлиқ муаммолар бўйича 43 минг 127 нафар фуқаро қатнашди.

Бу тадбирларда фуқаролар томонидан кредит ажратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари қарорларига доир, бандлик ва иш ҳақи тўловлари, тадбиркорлик, электр ва табиий газ таъминоти, соғлиқни сақлаш ва бошқа масалаларга оид 22 минг 186 та мурожаат билдирилди. Мурожаатларнинг 6 минг 484 таси жойида ҳал этилди, 15 минг 702 таси тегишли органларга кўриб чиқиш учун топширилди. 94 та ҳолат юзасидан хизмат текширувлари тайинланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланди.

Президентимизнинг халқимиз ҳамда дунё жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинган Мурожаатномасида қайд этилганидек, халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат ҳаётимизда том маънода қарор топади.

ЎзА