Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ЖИНОЯТГА САБАБ БЎЛГАН ЁЛҒОН

26.12.2017

«Қилган ишимиздан минг пушаймонмиз, кўзимиз энди очилди. Бизни кечиринглар». Бу Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели тумани суди томонидан Сергели тумани «Олчазор» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр суд мажлисида иши кўрилган судланувчиларнинг пушаймонлик сўзлари эди.

Бухоро вилояти Ромитан туманида истиқомат қилувчи А. Қ. ва М. Ф. «Isuzu» юк машинасида Бухоро – Тошкент йўналишида ҳайдовчи бўлиб ишлаган.

Бири оилали, вояга етмаган фарзанди бор. Бири эса энди уйланиш арафасида эди. Жорий йилнинг 25 сентябрида икковлон навбатдаги қатновга тайёрланади. Машинага юклар ортилади. Шу вақтда Бухородан Тошкентга почта борлиги, шуни керакли шахсга етказиш зарурлигини айтиб бир фуқаро уларга 10 минг 400 АҚШ доллари миқдорида пул беради. Бу улар учун ҳар доимги ишдек эди, аммо...

Тошкентга етиб келгач, икковлонда қинғир, ғараз ниятлар пайдо бўлади.

Ёлғон ишлатиб, ўзаро тил бириктирган ҳолда пулни ўзлаштириш пайига тушади. Почта эгасига пулингизни босқинчилар тунда ўғирлаб кетди, машина ойнасини синдириб, пулни олиб кетди, дея ёлғон гапиради ва уни ишонтиришга ҳаракат қилади. Кейинги кун жабрланувчи ушбу воқеа юзасидан ички ишлар идораларига мурожаат қилади. Сергели тумани ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор-тергов натижасида жиноят фош этилади.

Сайёр суд мажлисида судланувчилар айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

Қилган ишларидан чин кўнгилдан пушаймонликларини айтиб, суддан енгиллик беришни сўради. Суд давлат айбловчисининг хулосаси, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди. Маълум қилинишича, жабрланувчиларга пул тўлиқ қайтарилган.

Суд судланувчилар А. Қ. ва М. Ф. га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига сақлаган ҳолда 2 йилу 1 ой ахлоқ тузатиш чорасини тайинлади.

ЎзА