Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ҚОП-ҚОП ПУЛ ОРЗУСИДА БЎЛГАН ШОФИРКОНЛИК ОТАХОН ҚОП-ҚОП ВАЪДАЛИ БЎЛДИ

25.12.2017

Тушида кўргани ўнгидан келади, дейишади. Аммо Шофиркон тумани қишлоқларининг бирида яшовчи 67 ёшли отахон А. С. нинг тушида кўрмагани ўнгида юз берди. Бунга унинг Акмал Салимовга ишонгани сабаб бўлди. 

Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Акмал Салимов Шофиркон туманига келиб, фирибгарона усулларини ишга солиб, чорвачилик билан машғул кишилар орасидан ўзи билан ҳамкорлик қиладиганини излайди. Шу тариқа, А. С. билан танишади. Акмал Салимов отахондан мол, гўшт олди-сотдиси асосида яқин муносабатга киришади. Аввалига харид ҳисоб-китобини жойига қўяди. Буткул ишончга киргач эса ўз режасига киришади. 

Кунларнинг бирида у отахон билан учрашади ва тез кунда пулини ёки ўрнига чорва озуқаси - ем келтириб беришни ваъда қилиб, 2 миллион 600 минг сўмлик 100 килограмм қўй гўштини сотиш ниятида олиб кетади. Орадан беш ойча ўтиб, “ишончли одам” яна А. С. нинг дарвозасини тақиллатиб қолади.

Отахон гап бошламасидан олдин, у ўзини хижолатомуз ҳолатга солиб, узр сўрайди. Лекин кечирим асосий муддао эмас эди. Мақсад тилга кўчади: 

– Ҳозир пул жуда зарур бўлиб қолди. Подангиздаги ўн беш бош қўчқорни баҳолаб берсангиз. Сотаману аввалги қарзни ҳам қўшиб биратўла тўлайман. Хоҳласангиз, чорвачиликни ривожлантириш учун банкдан олган кредитингизни қисман қоплайман ёки ем олиб бераман. 

Отахон бир оз ўйга толади ва илгарилари ваъдасига туриб келган ошнанинг сазасини синдириш марднинг иши эмас, деган тўхтамга келади. 9 миллион сўмга баҳоланган 15 бош қўчқор юк машинасида олиб кетилади. 

Отахон “тадбиркор”нинг бу уйга сўнгги ташрифи эканини кеч англади. Акмал Салимовдан пул ўрнига қоп-қоп ваъда олишдан чарчаган жабрдийда орадан ўн ой ўтгач, Шофиркон туман ички ишлар идорасига мурожаат қилади. Ички ишлар ходимларининг суриштирув-қидирув ишлари натижа берди. 

Акмал Салимовга нисбатан қўзғатилган иш жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани судида кўриб чиқилди. Суд айбдорнинг жабрдийдага етказилган зарарни тўла қоплагани ва қилмишидан астойдил пушаймонлиги ҳамда оилавий аҳволини ҳисобга олиб, унга 1 йил, олти ойу етти кун муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинлади. Бундан ташқари оила, қишлоқдошлари олдида шармандаси чиққанини айтмайсизми? 

ЎзА