Суд мажлислари ва тадбирлар

Эълонлар ва тендерлар

ТАРҒИБОТЛАР САМАРА БЕРА БОШЛАДИ

23.12.2017

Аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш демократик жамиятнинг устувор вазифалари сирасига киради. Бунда, албатта, жойларда мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтаётган тарғибот-ташвиқот ишларининг муҳим аҳамияти бор. Тошкент геодезия ва картография касб-ҳунар коллежида жиноят, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судьяларининг ёшлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган навбатдаги ҳуқуқий тарғибот учрашувида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. 

– Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан таълим муассасалари, маҳаллалар, жамоат жойларида ўтказилаётган тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Фаррух Тўрахўжаев. – Туманимизда 2016 йил 50 нафар вояга етмаган ёшга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, 2017 йилда бу рақам сезиларли равишда камайди. Яъни, ҳудудда жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 21 нафар ўспириннинг қилмиши судлар томонидан муҳокама қилинди. 

Аслида битта жиноят ёки ҳуқуқбузарлик бўлса ҳам соғлом муҳит барқарорлиги йўлида курашаётган жамият учун кўп ҳисобланади. Шу маънода, ҳар бир шахс онгли равишда бурч ва мажбуриятларини бажариши, ҳуқуқларини ҳимоя қила олиши, жиноятчиликка қарши биргаликда курашиши ва энг муҳими ҳуқуқий билимга эга бўлиши даркор. 

Тадбирда ёшлар сайёр судларнинг, мутахассислар билан юзма-юз бўладиган савол-жавобларнинг аҳамияти муҳим эканини таъкидлади.
 

ЎзА