Эълонлар ва тендерлар

ТАВБАСИГА ТАЯНМАГАН ФИРИБГАР

21.12.2017

Бу воқеа Бухоро вилояти Ромитан туманида содир бўлди. 

Синалмаган отнинг сиртидан ўтма, деган гап бор. Туман қишлоқларидан бирида яшовчи Ф. С. бунинг маъносини чуқур англамаган экан. Акс ҳолда у ўзи ҳатто кимлигини ҳам билмаган Қуми қишлоғилик Сафар Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) олдида чув тушармиди. 

Хуллас, гап бундай. С. Т. туман марказидаги идораларни бирида тасодифан Ф. С. ни учратиб қолади. Унга ўзини туман ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходими Улуғбек, дея таништириб, гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмаси олдини олиш бўйича тадбир ўтказилаётгани, шу мақсадда зудлик билан 600 доллар миқдорида валюта зарур бўлиб қолганини билдиради.

Унинг пулни эртасига қайтариши тўғрисидаги ваъдасига инонган Ф. С. “ички ишлар ходими”га 600 долларни беради. 

Аммо Ф. С. пулни қайтариб ололмайди. Ваъда алдов тузоғи эканлигини тушунгачгина, туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилади.

Осойишталик посбонлари тегишли тадбирлар натижасида жиноятчининг кимлиги аниқланди. У тавбасига таянмаган С. Т. бўлиб чиқди. Бундай иборани қўллашимиз бежиз эмас. 

С. Т. жорий йил апрель ойида фирибгарлик жиноятини содир этган. Бу қилмиши учун Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 

Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, материаллар судга оширилди.

Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани суди ишни кўриб чиқиб, такроран қинғирликка қўл ургани, етказилган зарарни қопламагани сабаб С. Т. га нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. 

ЎзА