Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИГА ОҒИШМАЙ РИОЯ ҚИЛИШ — МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

05.12.2017

Асосий Қонунимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги байрами арафасида имзоланган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини қатъий таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилаяпти. Қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва инсонпарварлик, адолатлилик ҳамда айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар давом эттирилмоқда.

Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталишдан олдин давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятида аҳоли билан бўлган учрашувларда билдирган фикрларини келтириб ўтмоқчимиз: “Юртимизда барпо этилаётган ҳуқуқий-демократик давлатда адолатсизлик бўлишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз. Қонун ва адолат ҳимояси ҳокимиятнинг барча бўғинлари, энг аввало давлат бошқаруви органлари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг биринчи даражали вазифаси бўлиб, айни пайтда бутун жамиятимизнинг куч ва имкониятларини шу йўлда сафарбар этиш шарт, деб ҳисоблаймиз”.

Фармон ушбу фикрларга ҳамоҳанг бўлиб, унда суд-тергов фаолиятида адолатсизликка йўл қўймаслик, адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш асосий вазифа сифатида белгиланган. Айни мақсадда жиноий тажовузлардан муҳофазалашнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, фуқаролар шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратилган. Қолаверса, ҳар бир инсон тўкис ҳаёт кечиришини таъминлаш назарда тутилган. Зеро, адолат барқарорлиги хотиржамлик, тинчлик ва тараққиётга хизмат қилади.

Шу ўринда юртимизда жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинганлиги ҳамда бу ўз-ўзидан суд ва тергов органларининг ҳақиқатни ҳамда ишни тўғри ҳал этишида аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш ва қонуний, асосли ҳамда адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш имконини берганини таъкидлаш жоиз. Пировардида эса биргина жорий йилнинг 10 ойида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3 минг 511 жиноят иши тугатилгани ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар нечоғли самара бераётганлигидан далолатдир.

Фармонда суд-тергов фаолиятида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, жиноят-процессуал ҳамда жиноят-ижроия қонунчилигини янада такомиллаштириш масаласи қўйилиши ҳам айни зарурат эканлигини айтмоқ керак. Негаки, амалдаги процессуал қонунчиликни ривожлантириш, жиноят процессида тарафлар тенглиги ва тортишувини кенг жорий этиш орқалигина адолатни қарор топтириш мумкин.

Фармонда қонун нормаларини аниқ ижро этиш ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра келиб чиққанидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланиши ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланганки, бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, терговчи ва судьялар зиммасига қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиш бўйича катта масъулият юклайди.

Шунингдек, Фармонда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича ҳам қатор кафолатлар, хусусан, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб ушланган шахсга тегишли ваколатли органга келтирилган вақтдан бошлаб 72 соат ичида эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрим устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган. Эндиликда қийноққа солганлик ҳақидаги аризаларни вақтида ҳамда холисона кўриб чиқиш мақсадида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган услублар қўлланилгани тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан мажбурий равишда текширилади. Бундан ташқари, текшириш ўтказишда тиббий экспертиза тайинланиши шартлиги белгиланган. Бу ҳам процесс иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоялаш орқали қонунийликни қарор топтиришда қўл келади.

Одил судлов тизими амалиётида ҳозирги вақтгача ҳимоячи далиллар эмас, балки далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ҳуқуқига эга бўлиб келмоқда. Бу эса суд ишини юритишда тортишув принципи бузилишига олиб келаётганини очиқ айтиш керак. Шунинг учун ҳам эндиликда ҳимоячига жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши ва текширилиши шарт бўлган далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда. 

Ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган ҳозирги глобаллашув даврига мос ҳолда, асосий процессуал ҳаракатларни мажбурий видео қайд этиш амалиёти йўлга қўйилгани далилларни тўплаш ҳамда мустаҳкамлашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга қаратилган муҳим янгиликлардан биридир. Шу жиҳатдан, Фармонга кўра, ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ҳамда тергов эксперименти бундай ҳаракатларга киритилгани айни муддао бўлди.

Умуман, мазкур ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари фаолиятидаги мавжуд қонунбузилиши ва камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган бўлиб, у келгусида суд-тергов фаолиятида фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларига сўзсиз ва оғишмай риоя қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш орқали фуқароларнинг тинч ҳамда хотиржам ҳаёт кечиришини ҳуқуқий кафолатлаш, жамиятда инсоф ва адолат мезонлари устувор бўлишига олиб келади.
 

Холмўмин ЁДГОРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси ўринбосари

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 5 декабрь)