Кодекслар лойиҳалари

ЭЪЛОН

ГИЁҲВАНДЛИК – УМР КУШАНДАСИ

10.11.2017

Эндигина ўн саккиз ёшни қарши олган Асилбек гиёҳвандлик балосига ружу қўйди. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи бу йигит жорий йил 11 май куни ички ишлар бўлими ходимлари томонидан оғирлиги 2,16 грамм бўлган “марихуана” гиёҳванд моддаси билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди. Текширув давомида наркология диспансерининг хулосаси олинди. Унга кўра, А. Ғуломов гиёҳвандликдан мажбурий тартибда даволанишга муҳтожлиги аниқланган ва унга даволаниш тавсия этилган.

Тергов жараёнини ўтказаётган Асилбек тегишли хулоса чиқариш ўрнига яна бир жиноятга қўл урди. Шу йилнинг 9 сентябрь куни соат тахминан 23:30 ларда А. Ғуломов яна ички ишлар ходимларининг эътиборини тортди. Унинг сумкасидан оғирлиги 5 грамм бўлган, кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик моддаси – канабис мойи топилди.

Шайхонтоҳур транспорт касб-ҳунар коллежида Тошкент шаҳар Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича судининг ушбу жиноят ишига оид очиқ сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

– Мажлисда айбланувчининг хулқи, жамоат жойларида ўзини қандай тутиши, шунингдек, ёши, оилавий аҳволи инобатга олинди, – дейди Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича судининг судьяси Мусо Юсупов. – А. Ғуломовнинг гиёҳванд моддага ружу қўйганлиги ва очиқ ҳолатда даволаниш имкониятини суистеъмол қилгани сабаб, унга нисбатан суд томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов қўйилди. Кодекснинг 57-моддаси қўлланган ҳолда унга икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу даврда белгиланган мажбурий турдаги даволаниш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилади.
 

ЎзА