Кодекслар лойиҳалари

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

03.10.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Олий суд раиси К. Комиловнинг Бирлашган Миллатлар ташкилотининг янги тайинланган доимий координатори, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Х. Фрейзер билан учрашув бўлиб ўтди.


Учрашув давомида меҳмонга мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг қонунчилик базасини такомиллаштириш, суд тизимини тубдан ислоҳ этиш ва судлар фаолияти самарадорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятимизда қонунийлик ва қонунустуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳамда суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этишди.

Учрашувда қайд этилдики, Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган 2016-2030 йиллар учун Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳам ягона мақсадга қаратилган — инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун.

Тарафлар бундан кейин Олий суд, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ҳамкорликни изчиллик билан давом эттиришга келишиб олишди.