Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

ОЛИЙ СУДДА УЧРАШУВ

03.10.2017

Ўзбекистон Республикаси Олий судида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б. Мирбобоев ва Олий суд раиси К. Комилов билан Бирлашган Миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳиднинг учрашуви бўлиб ўтди.

Б. Мирбобоев ва К. Комилов меҳмонни ташриф билан қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси жамиятда қонунийлик ва қонунустуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳамда суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётгани қайд этишди.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, виждон ва эътиқод эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, эътиқод эркинлигини таъминлаш, дин вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари камситилишининг олдини олишга қаратилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги таклифига алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳмон Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлашда амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам атрофлича танишди.

Қайд этилдики, мамлакатимизда турли миллат ва дин вакиллари томонидан диний маросим ва урф-одатларни адо этиш учун барча шарт-шароит яратилган.

Ўзбекистон виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни изчиллик билан бажариб келмоқда.

Ўзбекистонда давлат томонидан турли динлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва бир-бирини тушуниш муҳити яратилган, бошқа дин вакилларини камситиш, уларга нисбатан кескин муносабатда бўлишга асло йўл қўйилмайди.

Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро ихтилоф келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўриб келинмоқда, юртимизда диний экстремистик, ақидапарастлик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузишга мутлақо йўл қўйилмайди.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” дея қайд этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимизда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қнунга кўра, бир диндан бошқа динга ўтишга даъват этиш, шунингдек, миссионерлик фаолиятининг ҳар қандай кўриниши таъқиқланади. Бундай хатти-ҳаракатни содир этган шахс, қонунга биноан, жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари амалдаги Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш ва тарқатиш, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек, миллий, ирқий, этник мансублиги ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш тегишли жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Учрашув жараёнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидга Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг эътиқод эркинлиги соҳасидаги сиёсати Концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Мазкур Концепция ўзида Ўзбекистоннинг виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасидаги сиёсатини яққол акс эттириб, мамлакатимизда яшайдиган барча миллат ва элат вакилларининг виждон ва эътиқод эркинлигини амалда тўлиқ таъминлашга қаратилган.

Ўз навбатида, А. Шаҳид Ўзбекистонда турли миллат ва элатларнинг виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш оқилона йўлга қўйилгани, бу борада ижобий тажриба тўпланганини қайд этди.

Томонлар учрашувда виждон ва эътиқод эркинлигини суд орқали ҳимоя қилишнинг муҳим масалаларини ҳам муҳокама қилишди.