Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

СУДЬЯЛАР ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТДА

24.07.2017

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга доир истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси суд тизими ходимлари учун улкан амалий аҳамиятга молик во­қеа бўлди. Президентимиз қайд этганидек, «Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди» деган сўзларда қандай катта маъно борлигини барча судьялар яхши англаб олишлари керак. Судья­ — бу адолат посбони.


Бу борада судьялар зиммасига юклатилган долзарб вазифалар моҳияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришдан иборатдир. Бунда ҳар бир судья аҳоли билан жойларда ҳар ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиши айни шу мақсадга хизмат қилади.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий суд томонидан алоҳида дастур асосида муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида Олий суди раисининг ўринбосари Б. Деҳқонов иштирокидаги учрашув ҳам суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар моҳияти, одил судлов самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлаш каби масалаларга бағишланди.

Йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғини раислари, хотин-қизлар, ёшлар, нуроний ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, шунингдек, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича туман судлари раис ва судьялари иштирок этишди.

Олий суд раисининг ўринбосари Б. Деҳқонов йиғилиш иштирокчиларига суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли ислоҳотлар моҳияти, хусусан, янги тузилган маъмурий судларнинг вазифа ва ваколатлари тўғрисида батафсил гапириб берди.

Йиғилишда Б. Деҳқонов Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2017 йил 4 июлдаги қарорига асосан Юқоричирчиқ туман маъмурий судининг раиси этиб тайинланган Анварбек Аминовни йиғилиш қатнашчиларига таништирди.

Шунингдек, йиғилишда Юқоричирчиқ туман маъмурий судининг раиси А. Аминов ва судьялар сўзга чиқиб, Ватан ва халқимиз ва уларнинг манфаатларини кўзлаб, зиммасига юклатилган юксак ва масъулиятли вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсинган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчи ва виждони буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга ваъда бердилар.

Бундан ташқари йиғилишда Б. Деҳқонов иштирокчиларнинг бир қатор саволларига атрофлича жавоб берди.