Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

АСОСИЙ МАҚСАД — ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ

20.07.2017

Судлар қачон фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган мустақил давлат институти, адолат ҳимоячисига айланади? Бу савол халқимизни кўпдан буён ўйлантириб келаётган эди, десак, айни ҳақиқат.

Шу боис жорий йил 13 июнь куни пойтахтимизда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан мазкур соҳада ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар рўй-рост кўрсатиб ўтилди. Қолаверса, суд ходимлари ва судьялар фаолиятини бугунги талаб даражасида ташкил этиш билан боғлиқ долзарб вазифалар илгари сурилдики, бу биз, соҳа вакилларини ҳушёр тортишга, фаолиятимизни қайта кўриб чиқишга ундади.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ушбу вазифалар ўз ифодасини топганлигини ва ана шу йўналишда муайян ишлар бошлаб юборилганлигини айтиш зарур.

Хусусан, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини кучайтиришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Буни ўтган даврда судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу билан бирга, одамларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни вақтида кўрмасдан, уларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш чоралари ҳам кўрилаётир.

Ўз фаолиятимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, маҳаллалар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотларга бориб, тизимдаги ислоҳотлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб бораяпмиз. Ана шундай тадбирлар давомида одамлар томонидан судларга нисбатан танқидий фикрлар ҳам очиқ баён қилинмоқда. Уларнинг аксариятида суд маҳкамалари ҳамда фуқаролар ўртасида кўринмас тўсиқ борлиги билдирилаяпти, бу ишимизни режалаштириб олиш ва фуқаролар билан шаффоф муносабатни йўлга қўйишимизда айни муддаодир.

Сайёр суд мажлислари мунтазам ўтказилаётгани ҳам муҳим янгиликдир.

Биргина жорий йилнинг иккинчи чораги мобайнида 617 марта турли ҳуқуқий тарғибот тадбири ва 119 та сайёр суд ташкил этилди. Аммо уларнинг барчаси самара бераяпти, дейишга ҳали эрта.

Нутқни тинглаш асносида ютуқларимиздан кўра ҳали қилишимиз зарур бўлган долзарб вазифалар кўплигини чуқур тушуниб етдик. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатлар орасида суд идоралари ҳамда судьялар фаолияти билан боғлиқлари кўп эканлиги шу соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ходимни чуқур мулоҳазага ундаши табиий. 

Шундай экан, янги талаблар асосида ўз фаолиятимизни йўлга қўйсак,  шунда суд тизимини том маънода “Адолат қўрғони”га айлантирамиз ва халқнинг ишончини мустаҳкамлай оламиз. Зеро, судга келаётган ҳар бир одамда “Энг одил маҳкамага бораяпман, у мени адолатли ҳимоя қилади”, деган комил ишончни шакллантириш олдимизда турган муҳим вазифамиздир.

 

Нодиржон МЕЛИҚЎЗИЕВ, 
фуқаролик ишлари бўйича 
Фарғона вилояти суди судьяси

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 20 июль)