Кодекслар лойиҳалари

ЭЪЛОН

СУДЬЯ ОДИЛ БЎЛСА, АДОЛАТ ҚАРОР ТОПАДИ

08.07.2017
Кеча матбуотда Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати эълон қилинди. Мухбиримиз шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда қатнашган судьяларнинг мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда мазкур мурожаатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусидаги фикрлари билан қизиқди.
 
Маъруфжон ТОЖИБОЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг раиси:
 
— Жорий йил 13 июнда пойтахтимизда бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи ҳамда муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар рўйирост кўрсатилиб, келажакдаги вазифалар белгилаб берилди. Биз бугун фаолиятимизни ана шу талаблар асосида ташкил этиш чораларини кўраяпмиз. 
 
Судьяларнинг халқимизга мурожаати ҳам айни мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, эндиликда биз, судьялардан халқ билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, одамларнинг муаммоларини ҳал этишда яқиндан ёрдам бериш орқали уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва ҳақиқатни қарор топтиришни ўзимиз учун асосий мезон сифатида белгилаб олишимиз талаб қилинади. Бунинг учун эса, мурожаатда қайд этиб ўтилганидек, одил судловни амалга оширишдаги ғов-тўсиқларни бартараф қилиб, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш йўлида билим ва тажрибамизни сарфлаймиз.
 
Шамсиддин ТОЖИЕВ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судининг раиси:
 
— Жиноят ёки ҳуқуқбузарлик — тўсатдан, кутилмаганда рўй берадиган ҳодиса эмас. У муайян давр ичида ён-атрофдагиларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги оқибатида шаклланиб боради. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, профилактика ишларини кучайтиришимиз талаб этилади. Бу ишда нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари ёхуд суд ходимлари, балки давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам фаоллик кўрсатиши керак. Зеро, жиноятни фош қилишдан кўра, унинг олдини олиш афзалдир. Табиийки, бу биз, судьялар зиммасига катта масъулият юклайди. Гап шундаки, маҳкамада ўтиравермасдан, жойларга чиқиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказсак, уларнинг дарду ташвиши билан танишиш асносида тизим ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этсак, вазифамизни тўлақонли бажарган бўламиз.
 
Назаримда, судьяларнинг халқимизга мурожаатидаги: “судда ишларни судьялик бурчимиз ва виждонимиз буюрганидек беғараз, холис ва адолатли ҳолда кўрамиз, энг асосийси — қабул қилган ҳар бир қароримиз қонуний, асосли, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига таянган бўлиши учун барча масъулиятни ўз зиммамизга оламиз”, деган сўзлар шу соҳада суяги қотган ҳар бир ходимни жиддий мулоҳазага ундади. Зеро, инсон тақдирини ҳал этиш жараёнида онгимизда — адолат, тилимизда — ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлсагина, кўзлаган мақсадларимизга етамиз.
 
Тўрабек ҚОДИРҚУЛОВ, Жиззах вилояти маъмурий суди судьяси:
 
— Тизимда янги — маъмурий судлар ташкил этилиши мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ушбу суднинг асосий вазифаси  давлат органлари ва улар мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ва давлат органлари ҳамда фуқаролар ўртасидаги, давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни кўриб чиқишдан иборат. Кўриниб турибдики, вазифалар кўлами жуда кенг.
 
Бу эса шу лавозимда фаолият олиб борадиган судьялардан катта масъулият, билим ва тажриба талаб этади. Шу маънода, маъмурий судларга фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича судларда бой тажриба тўплаган малакали судьяларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги айни муддаодир. 
 
Судьялар мурожаатида ҳам ушбу масалага кенг ўрин берилган. Хусусан, ҳар қандай ҳолатда одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, ҳалол, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга судьялар таркиби шакллантирилади. Судьялар касбий тайёргарлигини ошириш, судлар фаолиятига замонавий АКТни кенг жорий этиш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш ҳам устувор вазифаларимиздан саналади.
 
Ўз фаолиятимизга танқидий муносабатда бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, бу вазифаларни уддалаймиз.
 
Фозилжон ШАРИПОВ, Бухоро вилояти иқтисодий суди судьяси:
 
— Сайёр суд мажлислари ҳаётимиздан кенг ўрин эгалламоқда. Масалан, барча суд ишининг 30 фоизи, иқтисодий ишларнинг 70 фоизи сайёр судларда кўриб чиқилади. Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, суд маҳкамаларини халққа янада яқинлаштиради, энг муҳими, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Зеро, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад шундан иборатдир.
 
Айни сабабдан ҳам судьяларнинг мурожаатида ушбу масалага кенг урғу берилган. 
 
Мазкур ҳужжат билан танишиш асносида кўнглимдан кечган туйғуларни ўртоқлашмоқчиман. Давлатимиз раҳбари судьялар билан учрашувда ҳақли равишда кўрсатиб ўтдики, соҳада тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар кейинги йилларда янада кўпайди. Бундай хатоларни бартараф этиш ва пировардида судларни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш учун Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган вазифаларни амалга оширишга масъулият ва ташаббускорлик билан ёндашиб, юртимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшамоғимиз зарур. Мурожаат билан танишган судья борки, шундай тўхтамга келгани аниқ. Зеро, судья одил бўлса, адолат қарор топиши ҳаётий ҳақиқатдир. 
 
 
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
ёзиб олди.

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 8 июль)