Кодекслар лойиҳалари

ЮРТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИДА ДАСТУРИЛАМАЛ ҲУЖЖАТ

25.02.2017

Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ва уларнинг аҳамияти юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Тимур ТУРЕБЕКОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси:

— Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлиги ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш назарда тутилган. Айниқса, Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьялар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини таъсис этиш орқали судларни ихтисослаштириш ва уларнинг девонини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилгани диққатга молик.

Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги Фармони Стратегияда кўзда тутилган қонунчиликни мустаҳкамлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш борасида дастлабки қадам бўлди, десак, асло янглишмаймиз. Зеро, мазкур ҳужжат туб моҳиятига кўра, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоялашда ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш, судлар ихтисослашувини кенгайтириш, моддий-техника базаси ва таъминотини яхшилаш каби масалаларга йўналтирилган.

Буларнинг изчил ижроси суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш орқали инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини тўла ҳимоя қилиш имконини беради. 

Геннадий ДАВЛЕТОВ, адвокат:

— Ўтган йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг узвий қисми сифатида адвокатурани ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар рўёбга чиқарилди. Аввало, соҳанинг қонунчилиги яратилиб, ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. 

Шунга қарамай, қонунчилик таҳлили, ҳуқуқни қўллаш амалиёти  соҳада муайян камчиликлар борлигини кўрсатди. Шу боисдан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларида ва ундан кейинги қатор чиқишларида адвокатура институтини ислоҳ қилиш, жамиятдаги ўрнини ошириш масаласи илгари сурилди. Қолаверса,  2016 йил 21 октябрдаги Фармонда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ҳамда суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини кафолатлаш, уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш каби долзарб  вазифалар белгиланди. Айни чоғда адвокатура институти нуфузини янада кўтариш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида адвокатлик ваколатларини ошириш ҳам долзарб ҳисобланади.

Соҳани малакали кадрлар билан тўлдириш муҳим масаладир. Бугун юртимизда ўтказилаётган суд жараёнларининг қарийб 95 фоизида адвокатлар иштирок этаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу масала нечоғли долзарб эканлиги ойдинлашади. Стратегияда адвокатурани ривожлантиришга алоҳида урғу берилганки, бу мазкур институтни бугунги кун талаблари даражасига кўтаришда алоҳида аҳамият касб этади.

Рухсора МУСТАФОЕВА, Жиззах шаҳридаги “Ruhsora servis”масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

— Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётимизни янада ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларга кенг ўрин берилган. Жумладан, тадбиркорликни тараққий топтириш, хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари равнақини таъминлаш назарда тутилгани бежиз эмас, албатта. Зеро, мамлакат тараққиётини тадбиркор ва фермерларсиз тасаввур этиш қийин.

Дарҳақиқат, Стратегияда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган. Шу асосда аҳолининг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинаётир. Мулкдорлар синфини шакллантириш орқали одамларнинг меҳнатга бўлган муносабати, дунёқарашини муайян даражада ўзгартиришга ҳам муваффақ бўлинади.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар бизнинг корхонамиз учун ҳам айни муддаодир. Бинобарин, тадбиркорга қанчалик кўп имконият ва шарт-шароит яратиб берилса, унинг кучига куч қўшилади, меҳнат унумдорлиги ошади.

Сарибика АСЕТОВА, Қонликўл туманидаги 4-умумтаълим мактаби физика фани ўқитувчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси:

— Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналишида кўплаб ижтимоий масалалар қаторида мактабгача таълим муассасаларида қулайликлар яратиш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ долзарб вазифалар назарда тутилган.

Тўғри, истиқлол йилларида таълим соҳасида туб янгиланишлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришдик. Жумладан, ўзим кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган мактаб ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар юз берди.

Масалан, таълим муассасамиз капитал таъмирдан чиқарилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Машғулотларда янги педагогик технология ҳамда интерфаол услублардан кенг фойдаланаяпмиз. Пировардида ўқувчиларимиз туман ва Қорақалпоғистон Республикасимиқёсида ўтказилаётган фан олимпиадаларида муносиб иштирок этмоқда.

Бугунги тезкор замонда шу ютуқларнинг ўзи билан кифояланиб қолиш мумкин эмас. Стратегияда илгари сурилган вазифаларни изчиллик билан амалга оширсак, муваффақиятларимиз янада салмоқли бўлади. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
Толибжон ЭРГАШЕВ,
Ҳидоят АҲМЕДОВ
ёзиб олди.

(“Халқ сўзи” газетаси,
2017 йил 25 февраль)