Кодекслар лойиҳалари

Эълонлар ва тендерлар

Кўп сўраладиган саволлар

  • 1. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг роли нимадан иборат?

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир. У Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоят, шаҳар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

  • 2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қандай ваколатларга эга?

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди: - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади; - суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади; - судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади.

  • 3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни кўрадими?

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин.

  • 4. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қандай таркибда иш олиб боради?

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, судлов ҳайъатлари раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда иш олиб боради: - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми; - Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати; - Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати; - Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати; - Ҳарбий ҳайъат.

  • 5. Умумий юрисдикция судлари деганда нима тушунилади?

    Умумий юрисдикция судлари қаторига Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар киради.

  • 6. Судьяликка номзодларга қандай талаблар қўйилган?

    Ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди ва жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьяси бўлиши мумкин. Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси бўлиши мумкин. Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида ўн йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкин. Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий унвонга эга бўлган ва қонун талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд судьяси бўлиши мумкин. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар белгиланган тартибда ўқиши ва стажировкани ўташи шарт. Ўқув ва стажировкани ўташ даврида улар асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ўз меҳнат вазифаларини бажаришдан озод қилинади.

  • 7. Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби қандай?

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади. Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади ёки тайинланади. Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиш учун киритилади. Вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судларнинг судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. Судьялар беш йил муддатга сайланади ёки тайинланади.

  • 8. Судьяларга қандай мажбуриятлар юклатилган?

    Судьялар фуқаролик ва жиноят ишларини, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя қилишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашлари, беғараз ва адолатли бўлишлари шарт. Судьялар судьялик шаънини судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт. Судьялар судьяларнинг маслаҳат сирини ҳамда ёпиқ суд мажлислари ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. Судьялар учун касбий фаолиятда ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий одоб-ахлоқ қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг 2013 йил 28 февралдаги 5-сонли қарори билан тасдиқланган Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари белгилайди.

  • 9. Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар ким кўради?

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси Суд инспекцияси ҳамда Умумий юрисдикция судлари судьяларининг олий малака ҳайъати, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари судьялар одоб-ахлоқи қоидалари бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради ва уларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.

  • 10. Умумий юрисдикция судларига мурожаат қилиш учун давлат божи ставкалари қандай?

    Давлат божи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган.

  • 11. Давлат божини тўлашдан озод қилиш масалалари қайси қонун ҳужжатида белгиланган?

    Умумий юрисдикция судларида давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳолатлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 329-моддасида кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 337-моддаси судларда давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларини белгилайди.

  • 12. Суд ҳужжатларининг ижросини ким таъминлайди?

    Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти (Суд департаменти) органларининг суд ижрочилари зиммасига юклатилади, уларнинг ваколатлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларининг талабларини ижро этиш қонунда назарда тутилган ҳолларда солиқ органлари, банклар ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Суд ҳужжатларининг талаблари бошқа жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ҳам ижро этилиши мумкин.

Савол бериш